February 7

Кадрлар захираси – муваффақиятли бошқарув сари қадам

Жорий йилнинг 5 февраль куни "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Персонални бошқариш бошқармаси томонидан мажмуа цех, хизмат, тармоқ ва бўлим раҳбарлари ва тегишли мутахассислар иштирокида кадрлар захирасини шакллантириш мавзусида семинар ташкил этилди.

Семинарда кадрлар захирасининг моҳияти, уни шакллантириш тартиб-қоидалари, амалга ошириш босқичлари ва истиқболдаги режалар бўйича муҳим маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, номзодларга қўйиладиган талаблар, танлаб олиш жараёни ва кадрлар захирасида бўлишнинг афзалликлари ҳақида тушунчалар берилди.

Семинар иштирокчиларидан мазкур маълумотларни ўз цех, хизмат, тармоқ ва бўлимларидаги барча ишчи-ходимларга етказиш, ходимларга мажмуада олиб борилаётган кадрлар захирасини шакллантириш борасидаги ишлар юзасидан тегишли маълумотларни ўз вақтида тақдим этиб бориш сўралди.

Семинар иштирокчилари мазкур ташаббусни ижобий баҳолаб, кадрлар захирасини шакллантириш ва ривожлантиришга оид тизимли ёндашув муҳим эканини таъкидлашди.

Улар ўзларини қизиқтирган саволлар ва таклифларни билдириб, мутахассислар томонидан атрофлича жавоб олдилар. Шунингдек, бу соҳадаги ишларни такомиллаштириш юзасидан фикр алмашилди.

Маълумот учун, "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда кадрлар захирасини шакллантириш тартиби "Кадрлар захирасини шакллантириш тўғрисидаги Низом" асосида амалга оширилади.

Қуйида кадрлар захирасини шакллантириш босқичлари ва амалга ошириш дастури ҳақида қисқача маълумотларни тақдим этамиз:

Кадрлар захирасини шакллантириш босқичлари:

  • Цех, хизмат, тармоқ ва бўлим раҳбарлари тавсиялари орқали ходимлар рўйхатга олинади;
  • Номзодларнинг касбий тайёргарлиги, иш тажрибаси, раҳбарлик салоҳияти ва шахсий фазилатлари махсус комиссия томонидан Низомда белгиланган мезонлар асосида баҳоланади;
  • Якуний танловдан сўнг тавсия этилган ходимлар мажмуа Бош директори томонидан тасдиқланади ва кадрлар захираси рўйхатига киритилади.

Кадрлар захирасига киритилган ходимлар учун махсус ривожланиш дастури:

  • Кадрлар захирасига киритилган ходимларни ўқитиш ва ривожлантиришни ташкил этиш ишлари ҳар бир ходим учун тузилган индивидуал ривожланиш режаси асосида амалга оширилади;
  • Цех, хизмат, тармоқ ва бўлимларда амалий машғулотлар ташкил этиш;
  • Ишлаб чиқариш жараёнларидаги таҳлилий маълумотларни тайёрлашга жалб қилиш;
  • "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг департамент ва бошқармаларида стажировка ўташ учун юбориш;
  • Маҳаллий ва хорижий корхоналарда тажриба алмашиш имкониятларини яратиш;
  • Раҳбарлик кўникмаларини ривожлантириш бўйича тренинглар ташкил этиш.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|