Кооперацияни ривожлантириш йўлидаги амалий мулоқот
“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда “Ўзбекнефтгаз” АЖ таркибидаги ташкилотлар ҳамда “TOSHELECTROAPPARAT” MCHJ XK вакиллари иштирокида муҳим қўшма учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур учрашувда томонлар саноат кооперациясини чуқурлаштириш, замонавий технологик маҳсулотларни маҳаллий ишлаб чиқариш орқали ўзлаштириш ва импортга бўлган эҳтиёжни камайтириш имкониятларини муҳокама қилишди.
Тадбирда “Ўзбекнефтгаз” АЖ Кооперация алоқаларини кенгайтириш бўлими бошлиғи А. Ҳалимов, “TOSHELECTROAPPARAT” MCHJ XK Сотув бўлими директори П. Матқурбонов ҳамда “Шўртан ГКМ”, “Шўртан НГҚЧБ”, “Муборак ГҚИЗ” ва “Муборак НГҚЧБ” ташкилотларининг малакали мутахассислари иштирок этди.
Йиғилишда “TOSHELECTROAPPARAT” томонидан ишлаб чиқарилаётган замонавий электр ускуналари, портлашдан ҳимояланган ёритиш воситалари ва қайта тикланувчи энергия манбаларига асосланган технологик ечимлар намойиш этилди. Тақдим этилган технологияларнинг нефть-газ соҳасидаги амалий аҳамияти ва маҳаллийлаштириш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, саноат объектлари учун қуёш электр станциялари, электр энергияси ҳисоблагичлари, частота ўзгартиргичлар ва бошқа юқори технологияли ускуналарни етказиб бериш, техник хизмат кўрсатиш ҳамда модернизация ишлари бўйича ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида иштирокчилар ўзаро мулоқотни мунтазам давом эттириш, лойиҳаларни амалий босқичга ўтказиш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантиришни жадаллаштириш борасида келишиб олишди.
Мазкур ташаббус нафақат тармоқлараро саноат ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, балки юртимизда импорт ўрнини босувчи рақобатбардош маҳсулотларни маҳаллий ишлаб чиқарилишини кенгайтиришга хизмат қилади.