Амир Темур: Соҳибқироннинг ҳаёти ва тарихга қўшган ҳиссаси ҳақида қизиқарли фактлар
Амир Темур ибн Амир Тарағай 1336 йил 9 апрелда Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) вилоятининг Хўжа Илғор қишлоғида дунёга келган. Унинг отаси Амир Муҳаммад Тарағай Барлос улусига мансуб беклардан, баҳодир жангчи, уламою фузалога ихлосманд, илм аҳлига ҳомий ва иштиёқманд киши бўлган.
Амир Темурнинг ёшлиги ҳақида маълумотлар кам учраса-да, айрим манбаларга қараганда, у ёшлигида хат-савод чиқариб, ўз даврининг тиббиёт, риёзиёт, фалакиёт, меъморчилик ва тарих илмларини ўрганган. Амир Темур билан суҳбатлашиш шарафига муяссар бўлган буюк араб файласуфи Ибн Халдун Жаҳонгир, Амир Темурнинг - турк, араб, форс халқлари тарихини, диний, дунёвий ва фалсафий билимларнинг мураккаб жиҳатларигача яхши ўзлаштирганини таъкидлайди.
Амир Темур сиёсат майдонига кириб келган пайтда, Мовароуннаҳр мўғуллар истибдоди остида бўлиб, Чингизхон ва Ботухон босиб ўтган шаҳар ва қишлоқлар вайронага айланган, сув иншоотлари бузиб ташланган ёки ишга яроқсиз ҳолга келтирилган, Чингизхон Мовароуннаҳрни ўзининг иккинчи ўғли Чиғатойхонга суюрғол сифатида инъом қилган эди.
Амир Темурнинг ҳаёти ва фаолиятида икки давр яққол кўзга ташланади. Биринчи даври (1360-1385) Мовароуннаҳрни мўғул хонлигидан озод қилиб, ягона марказлашган давлат тузиш, ўзаро урушларга барҳам бериш. Иккинчи даври (1386-1405) эса икки йиллик, уч йиллик, беш йиллик, деб аталувчи бошқа мамлакатларга юришлари билан характерланади. 1360-йиллардан бошлаб Амир Темур Мовароуннаҳрдаги ички низо, урушларда иштирок эта бошлади ва Мўғулистон ҳукмдори Туғлуқ Темурхон, унинг ўғли Илёсхўжага қарши курашлардан сўнг, Амир Ҳусайн устидан ғалаба қозонгунича, 1370 йилда Мовароуннаҳр тахтининг ҳақиқий соҳиби бўлди ва Самарқандни ҳокимият пойтахти этиб белгилади.
Амир Темур тахтга ўтиргач, Чиғатой улусининг барча ерларига ўзини ворис деб билди ва Сирдарёнинг қуйи ҳавзасидаги ерларни, Тошкент вилоятини, Фарғона водийсини, Хоразмни ўз ҳукмронлиги остига киритди. Натижада, Мовароуннаҳр ва Хуросонда йирик марказлашган давлат вужудга келди. Соҳибқирон сўнгги йилларда Эрон, Ироқ, Кавказ мамлакатлари, Ҳиндистон, Олтин Ўрда ва Туркия билан бўлган жангларда ғолиб чиқиб, салтанат ҳудудини шарқда Хитой деворига қадар, ғарбда — Ўрта ер денгизига, жанубда эса Ҳиндистон чегараларига қадар кенгайтирди. Темур фаолиятида муайян сиёсий йўл — майда феодал ҳукмронлигини тугатиш, муҳим халқаро карвон йўлларида устунлик қилиб турган Олтин Ўрда, Эрон ва бошқа мамлакатларнинг рақобатини енгиб, Мовароуннаҳрнинг сиёсий-иқтисодий қувватини таъминлай оладиган марказлашган давлат ташкил этиш эди. Амир Темур авваламбор мамлакатда давлат тизимини мустаҳкамлаш, бошқаришдаги тартиб-интизом, қонунчиликни кучайтириш, савдо-сотиқ, ҳунармандчиликни кенгайтиришга имконият яратиш, солиқларни тартибга солиш, мамлакат ҳимоясини таъминлаш йўлида қўшиннинг қудратини ошириш кабиларга катта эътибор берди.
Амир Темурнинг ҳар бир ҳарбий юришига туртки бўларлик сабаб бор эди. Бу сабаблар — ўз давлатининг чегараларини мустаҳкамлаш, ташқи душманлардан ҳимояланиш, карвон йўлларини турли йўлтўсарлардан тозалаш, хиёнатчи, сотқин, алдамчиларни жазолаш, бўйсунмаганларни итоат эттириш, ўзининг сиёсий таъсирини кенгайтириш кабилардан иборат бўлганлигини тарихий манбалардан билиб олиш мумкин.
Масалан, Амир Темурнинг Тўхтамишхонга қарши юришини олсак, Темур Тўхтамишхонга кўп илтифотлар, ёрдамлар кўрсатиб, 1379 йилда Урусхонни енгиб, Оқ Ўрда тахтига Тўхтамишхонни ўтқазган эди. Аммо Тўхтамишхон Амир Темурнинг умидларини пучга чиқарди. У Мовароуннаҳрга бир неча бор талончилик ниятида бостириб кирганидан сўнг, Темурда ҳам унга қарши курашиш мажбурияти вужудга келди ва 1395 йил 15 апрелда Амир Темур билан Тўхтамишхон ўртасида ҳал қилувчи ҳаёт-мамот жанги бошланди. Жанг фақат Тўхтамишхоннинг тақдирини ҳал қилиб қўяқолмай, балки бутун Олтин Ўрда тақдирини ҳам ҳал қилди. Тарих Темур зиммасига Олтин Ўрдадек қудратли мўғул империясининг асосини емиришдек улкан вазифани қўйган экан, Соҳибқирон бу вазифани ҳам буюк жасорат билан адо этиб, Рус князликлари ва Шарқий Оврўпо халқларини мўғуллар асоратидан халос бўлишларига йўл очиб берди. Йирик рус олими А. Ю. Якубовский: «Темурнинг Тўхтамиш устидан қозонган бу ғалабаси нафақат Марказий Осиё ва Шарқий Оврўпа, балки Русия учун ҳам катта аҳамиятга молик бўлди», деб ёзди.
Темур давлатни бошқаришга катта эътибор бериб, янги давлат тизими бўйича Девони бузрукдан ташқари, ҳар бир вилоятда Девон деб аталувчи бошқарма тузиб, бу бошқармалар солиқ йиғиш, тартиб сақлаш, ижтимоий бинолар — бозорлар, ҳаммомлар, йўллар, суғориш тармоқларига қараб туриш ва аҳолининг хулқий-ахлоқий ҳаракатларини назорат остига олиш каби ишлар билан шуғулланган. Ҳар бир Девонда кирим ва чиқимларни ҳисобга олиш, қайд этиш турк-ўзбек ва форс-тожик тилларида олиб борилган.
Темур тарихчилар тасвирича, Ўрта асрнинг атоқли давлат ва ҳарбий арбобларидан бўлиб, Оврўпа олимлари ўз асарларида унинг салбий томонлари билан бирга муҳим фазилатларини ҳам таъкидлаб ўтганлар.
Немис олими Ф. Шлоссер ўзининг «Жаҳон тарихи» (III-том) асарида: «Бахтиёр жангчи, жаҳонгир, узоқ Шарқда қонуншунос бўлиш билан бирга ўзида, Осиёда кам учрайдиган тактик ва стратегик билимларни ифодалади», деб ёзса, атоқли немис олими ва тарихшуноси М. Вебер: «Темур ўз душманларига нисбатан жуда бераҳм эди, лекин саркардалик, давлатни бошқариш ва қонунчилик соҳасида буюк талантга эга эди», деб таърифлайди. Шунингдек, «Тузуки Тимур» — «Темур тузуклари»да ҳам Темурнинг жамиятга, ижтимоий-сиёсий ҳаётга қараши, бирлашган қудратли феодал давлатнинг сиёсий ва ахлоқий қоидалари ҳақида гап боради. Шаҳарлар ва шаҳар атрофи аҳолисидан на жон солиғи ва на бож олинарди. Бирорта ҳам аскарнинг доимий туриш учун шахсий кишилар уйини эгаллашга ёки фуқароларнинг молини ва бойлигини ўзлаштириб олишга ҳаққи йўқ эди. «Барча ишларда, — деган эди Амир Темур,— бу ишлар қайси ўлка халқига тааллуқли бўлмасин, ҳокимларнинг адолат томонида қаттиқ туришларига буйруқ берилган. Қашшоқликни тугатиш мақсадида бошпаналар ташкил қилдимки, камбағаллар улардан нафақа олиб турардилар». Бундан ташқари, Темурнинг солиқлар ҳақидаги қоидаси жуда муҳим аҳамиятга эгадир. Темур ёзади: «Солиқлар йиғишда халқни оғир аҳволга солишдан ёки ўлкани қашшоқликка тушириб қўйишдан эҳтиёт бўлиш зарур. Негаки, халқни хонавайрон қилиш давлат хазинасининг камбағаллашишига олиб келади, хазинанинг беқувватлиги ҳарбий кучларнинг тарқоқланишига, бу эса, ўз навбатида ҳокимиятнинг кучсизланишига сабаб бўлади...»
«Темур тузуклари»ни инглизчадан француз тилига таржима қилиб, 1787 йилда нашр этган француз олими Лянглэ, Темур ҳақида шундай ёзади: «Темур хон (Темур) сиёсий ва ҳарбий тактика ҳақида рисола ёзган ва ўз авлодларига жуда доно тизим қолдирган. Биз буни тасаввур ҳам қилмаган эдик ва унинг урушларини босқинчилик ва талон-тарож қилиш деб баҳолаб келган эдик. Деярли енгиб бўлмайдиган икки тўсиқ — биздаги таассуб ҳамда тарихий ноҳақлик Темурни билишимизга ва тўғри баҳолашимизга халақит бериб келди». Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Амир Темур давлат, жамият ҳаётида бўлиб ўтадиган ҳар бир муҳим режа олдидан кенгаш ўтказар ва бу кенгашга нафақат давлат арбоблари, саркардалар, темурзодаларни, балки сайидлар, шайхлар, илм-фан арбобларини ҳам таклиф этган ва ўзининг ҳар бир юриши олдидан бундай кенгашларни ўтказиб туришни одат тусига киритган.
Тарихий манбаларнинг гувоҳлик беришича, Мовароуннаҳрда мўғулларнинг қарийб 140 йиллик ҳукмронлик даврида биронта ҳам кўзга кўринарли қурилиш ёки сув иншоотлари вужудга келмаган. Амир Темурнинг ташаббуси билан 1365 йилда Қарши, 1370 йилда Самарқанд, 1380 йилда эса Кешнинг атрофи қайтадан мудофаа деворлари билан ўралган. Темурийлар бунёд этган меъморий обидалар:
Шунингдек, халқ фаровонлигию, мамлакат ободончилиги йўлида сув омборлари, тўғонлар қуришга, ариқлар қазишга, янги ерларни ўзлаштиришга алоҳида эътибор берилган. Мамлакатнинг иқтисодий аҳволини кўтаришда савдонинг аҳамияти беқиёс эканлигини тушунган ҳукмдор бозорлар, расталар, турли-туман устахоналар барпо этиб, халқ ҳунармандчилик санъатини тараққий эттирган. Амир Темур илм-фан, маънавият аҳлига эътибор, меҳрибонлик кўрсатиб, улардан жамият маданий ҳаётида фойдаланишга интилар экан, тарихчи Ибн Арабшоҳ ёзганидек, «Темур олимларга меҳрибон, сайиду шарифларни ўзига яқин тутар эди.
Уламо ва фузалога тўла иззат-ҳурмат кўрсатиб, уларни ҳар қандай одамдан тамом муқаддам кўрарди. Уларнинг ҳар бирини ўз мартабасига қўйиб, иззату икромини унга изҳор қиларди». Амир Темур саройида кўплаб илм-маърифат алломалари Мавлоно Абдужаббор Хоразмий, Мавлоно Шамсуддин Мунши, Мавлоно Абдулло Лисон, Мавлоно Бадриддин Аҳмад, Мавлоно Нуъмониддин Хоразмий, Хожа Афзал, Мавлоно Алоуддин Коший, Жалол Хокийлар Соҳибқироннинг марҳаматидан баҳраманд бўлиб, унинг хизматида бўлдилар.
Амир Темур илм-фаннинг риёзиёт, ҳандаса, меъморчилик, фалакиёт, адабиёт, тарих, мусиқа каби соҳалари равнақига катта эътибор бериб, соҳиби ҳунарлар билан қилган суҳбатлари ҳақида француз олими Лянглэ шундай ёзади: «Темур олимларга серилтифот эди. Билимдонлиги билан бир қаторда софдиллигини кўрган кишиларга ишонч билдирарди. У тарихчилар, файласуфлар, шунингдек, илм-фан, идора ва бошқа ишларда истеъдодли бўлган барча кишилар билан суҳбатлашиш учун кўпинча тахтдан тушиб, уларнинг ёнига келарди. Чунки Темур бу соҳаларга ғамхўрлик қилишга асосий эътиборини берарди».
Амир Темур ўзини моҳир дипломат сифатида ҳам намоён қила олган. Унинг Византия, Венеция, Генуя, Испания, Франция, Англия, бошқача айтганда, ўша вақтда кўпроқ маълум ва машҳур бўлган Оврўпа давлатлари билан иқтисодий алоқалар ўрнатиш ва уни мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини француз ва инглиз қиролларининг унга ёзган мактублари билан далиллаш мумкин. Манбаларда соҳибқирон Амир Темур — ёрқин хислатларга эга эканлиги, хотираси ўткир, шижоатли ва қатъиятли, бир сўзли, зўр руҳий қудрат эгаси, салобатли инсон сифатида таърифланади.
Мақола интернетдан олинган адабиётлардан фойдаланган холда Ижтимоий ривожлантириш хизмати мутахассиси Гуллола Боймурадова томонидан тайёрланди.