June 25

Ёшлар ташаббуслари – эътибор марказида

Юртимизда ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда салоҳиятини тўла рўёбга чиқариш бугунги кунда устувор йўналишлардан бирига айланган. Бу борада мамлакатимиз миқёсида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Мажмуада фаолият юритаётган ёшлар учун яратилаётган имкониятлар ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий ишлар доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ раҳбарияти билан ташкил этилган очиқ мулоқотда ШГКМ ёшлари ҳам фаол иштирок этди.

Тадбир давомида ёшлар томонидан илгари сурилган бир қатор долзарб фикр ва таклифлар, жумладан, ёш кадрлар заҳирасини шакллантириш, малака ошириш тизимини такомиллаштириш, хорижий тилларни ўрганишни рағбатлантириш, ёш аёллар учун алоҳида ривожланиш клубларини ташкил этиш каби ташаббуслар эътиборга лойиқ бўлди.

Мулоқотда қатнашган “Шўртан газ кимё мажмуаси” ёшлари нефт-газ соҳасида рақобатбардошликни ошириш, технологик янгиланиш ва инновацияларни жорий этиш борасида ўз фикр-мулоҳазалари билан иштирок этдилар. Айниқса, ёш мутахассислар томонидан илгари сурилган аниқ таклифлар раҳбарият томонидан ижобий қабул қилинди.

Тадбир якунида, 30 июн — “Ёшлар куни” муносабати билан фаол иштироки, ташаббускорлиги ва илғор ғоялари билан ажралиб турган ёш кадрларга Бошқарув раисининг ташаккурномалари тантанали равишда топширилди.

Шу куни ёшлар учун маданий-маърифий тадбирлар ҳам ташкил этилди. Пойтахтдаги Давлат геология музейига амалга оширилган ташриф давомида иштирокчилар геология ва гидрогеология соҳалари бўйича билим ва тасаввурларини янада бойитиш, шунингдек, соҳа тарихи билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдилар.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида, жумладан, “Шўртан газ кимё мажмуаси”да ёшлар билан ишлашда очиқлик, ишонч ва қўллаб-қувватлаш тамойиллари асосида ташкил этилаётган бундай мулоқотлар уларнинг ижодий ўсиши, касбий етишиши ва фидойилиги учун мустаҳкам замин яратмоқда.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|