Шўртан газ кимё мажмуасининг бир гуруҳ мутахассисларига “Ernst & Young” компанияси томонидан сертификатлар топширилди
Жорий йилнинг апрель ойидан июль ойигача “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги нефть ва газ объектлари, жумладан, Шўртан газ кимё мажмуасида “Ernst&Young” консалтинг компанияси иштирокида амалга оширилаётган ишлаб чиқариш жараёнларининг операцион самарадорлиги ва ишончлилигини ошириш лойиҳасининг 4-босқичи доирасида ўқув дастури ўтказилди.
Тасдиқланган дастурга мувофиқ, ўқув дастурининг асосий йўналиши “Операцион самарадорлик” ва “Техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлашга янги ёндашувлар” дан иборат.
Ўқув дастури якунлангач, ходимлар учун компания маслаҳатчиси томонидан тест синови ўтказилди, натижаларга кўра, мақсадли моделни амалга ошириш учун энг юқори балл тўплаган ходимлар қайд этилди.
2021 йилнинг октябрь ойида ўқув курсларини муваффақиятли якунлаган Шўртан газ кимё мажмуасининг бир гуруҳ мутахассислари учун тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Мутахассисларнинг кейинги вазифалари ўқув курслари давомида олган билимларини амалиётда самарали қўллаш, шунингдек, жойлардаги ҳамкасбларига етказишдан иборат бўлиши таъкидланди.
Маълумот учун: “Ишлаб чиқариш жараёнларининг операцион самарадорлиги ва ишончлилигини ошириш” лойиҳаси 2020 йил бошидан буён “Ernst & Young” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Унинг мақсади ускуналарга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш жараёнини самарали бошқариш тизимини яратиш ва жорий қилишга қаратилган.