Шўртан газ кимё мажмуасида 14 январь — "Ватан ҳимоячилари куни" муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди
Шўртан газ кимё мажмуасида Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинларига қарашли 99750 ҳамда 99150-сонли ҳарбий қисм хизматчилари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Байрам муносабати билан ташкил қилинган тадбир Ватанимиз мадҳиясининг тантанавор жаранги билан очиб берилди.
Тадбир Ватанимиз посбонлари, миллий армиямиз шижоати ва матонати акс этган видеороликлар намойиши ҳамда "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Бош директорининг биринчи ўринбосари Ш.Эшмуродов, тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигига қарашли 99150-сонли ҳарбий қисм командири подполковник Н.Авазов ҳамда 99750-сонли ҳарбий қисм командири подполковник Ғ.Бобоевларнинг табрик сўзлари билан давом этди.
Байрам тадбирида фидокорона хизматлари учун 99750 ҳамда 99150-сонли ҳарбий қисмнинг бир гуруҳ хизматчилари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги кўкрак нишони ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Шунингдек, тадбир давомида мажмуада узоқ йиллардан буён самарали меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ ишчи-ходимлар ва ҳарбийлар Шўртан газ кимё мажмуаси ташкил этилганлигининг 20 йиллиги муносабати билан эсдалик совғалари билан ҳам тақдирланди.
Тадбир нафақат яхши фикрлар, тилаклардан балки, қувноқ ва шўх куй-қўшиқларга бой ўтди. Аввало ҳарбийча садолар остида янграган қўшиқларга ҳамоҳанг тарзда давом этган тароналар иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Байрам тадбири давомида мажмуа ёшлари ва ҳарбийлар иштирокида корхонада анъана тусига кириб улгурган "Брейн-ринг" интеллектуал шоусининг байрамона сони бўлиб ўтди.
Унда 99150-сонли ҳарбий қисмнинг “Темур ворислари”, 99750-сонли ҳарбий қисмнинг “Турон арслонлари” ҳамда Шўртан газ кимё мажмуасининг “Ёш кимёгарлар” жамоалари ўзаро беллашдилар.
Беллашувда кичик фарқ билан “Турон арслонлари” жамоаси ғалаба қозонди ва барча иштирокчилар муносиб тақдирланди.
Байрам тадбири давомида ҳарбий қисм аскарларининг жанговор чиқишлари иштирокчиларга ўзгача ғурур ва завқ бағишлади.