“Шўртан ГКМ” МЧЖда анъанавий хотира турнири ўтказилди
Узоқ йиллар давомида "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖнинг ишлаб чиқариш, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётида самарали меҳнат қилиб, ўчмас из қолдирган марҳум Норчаев Акром Хурсанович ва Мухаметшин Марат Сергеевич хотирасига юксак ҳурмат ва эҳтиром ифодаси сифатида мажмуада 2023 йилдан бошлаб анъанавий тарзда хотира турнири ташкил этиб келинмоқда. Ушбу турнир спортнинг мини-футбол тури бўйича 40 ёшдан катта ишчи-ходимлар ўртасида ўтказилади.
Жорий йил ҳам ушбу анъана давом эттирилди. 2025 йилги мусобақа сентябрь ойида бўлиб ўтди ва унда мажмуа таркибидаги турли цех, хизмат, бўлим ва тармоқлардан ташкил топган 8 та жамоа иштирок этди.
Қизғин курашлар остида ўтказилган мусобақада Автотранспорт билан таъминлаш хизмати ҳамда "Қаршитермопласт" цехининг бирлашган "Avtoplast" жамоаси учинчи ўринни, Этилен ишлаб чиқариш цехининг "Etilen" жамоаси иккинчи ўринни эгаллади. Полиэтилен ишлаб чиқариш цехи ва Ички сув таъминоти цехининг бирлашган "Uzclear" жамоаси барча рақибларини мағлуб этиб, мусобақа ЧЕМПИОНИ бўлди.
Мусобақа якунига бағишланган тадбирда "Шўртан ГКМ" МЧЖ Бош директори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Ш.Асланов, "Uzbekistan GTL" МЧЖ раҳбари А.Баҳадиров, "Насаф" ПФК директори А.Юсупов сўзга чиқиб, Акром Хурсанович ва Марат Сергеевич билан бирга ишлаган вақтларини эслаб, улар хотирасига илиқ фикрлар билдиришди. Улар марҳумлар хотираси ҳар доим иззат ва эҳтиром билан ёдга олинишини таъкидлаб, турнирни юксак маънавий аҳамиятга эга тадбир сифатида эътироф этдилар.
Шунингдек, мусобақа кўтаринки ва самимий руҳда ўтганлиги қайд этилди ҳамда унинг ташкилий ишларида иштирок этган барчага миннатдорчилик билдирилди.
Тадбир якунида мажмуа маъмурияти ва Касаба уюшма қўмитаси томонидан ғолиб ва совриндор жамоаларга ташаккурнома ҳамда пул мукофотлари топширилди.