Илғор муҳандислик мактаби талабалари учун ишлаб чиқариш амалиёт дарслари бошланди
Хабарингиз бор, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 20-июн куни “Муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассалари фаолиятини янада такомиллаштириш” юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ ва “Қарши муҳандислик иқтисодиёт” институти билан ҳамкорликда мажмуа ҳудудида “Газ-кимё ва энергетика” илғор муҳандислик мактаби ташкил этилган.
Ушбу илғор муҳандислик мактабида ҳозирги кунда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг Нефт ва нефт - газни қайта ишлаш технологияси, Электр таъминоти, Нефт-газ саноати машиналари ва жиҳозлари, Технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш, Кимёвий технологиянинг жараёнлари ва аппаратлари ва Кимёвий технология йўналишлари бўйича жами, 52 та магистр талабалар таҳсил олмоқда.
Талабалар ишлаб чиқариш жараёнларини бевосита кузатиб боришлари учун дарслар нафақат ўқув биносида, балки лабораторияларда ва цехларда ташкил этилган ўқув-амалиёт хоналарида ҳам олиб борилмоқда.
Хусусан, “Полиэтилен ишлаб чиқариш” цехидаги замонавий ўқув-амалиёт хонасида талабалар учун полиэтилен ишлаб чиқариш технологияси тўғрисида тушунчалар берилди ва амалий машғулотлар ўтказилди.
Дарслар давомида малакали мутахассислар томонидан технологик қурилмаларнинг тузилиши ва уларнинг ишлаш принципларини замонавий методлар, анимацион видеолар, мавжуд схемалар ёрдамида тушунтириб борилмоқдалар.
Шунингдек, соҳада кўп йиллик тажрибага эга бўлган устоз ходимлар меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси, ёшлик давридаги ўзига хос қийинчиликлар, меҳнат палласидаги машаққатлар ҳақида ёш ходимлар билан самимий мулоқот орқали ўртоқлашишмоқда.
Бу каби ўқув дарслари ёш кадрларни ўз устида меҳнат қилиши, билимларини такрорлаб олиши, етук ва салоҳиятли кадрлар бўлиб етишишига ҳамда тажриба ва кўникмаларини ривожланишига хизмат қилади.