March 28, 2022

"Ўзбекнефтгаз" АЖ томонидан ташкил этилган ўқув марказида таҳсил олаётган деҳқонободлик ёшлар томонидан ясалган иссиқхоналар тумандаги кам таъминланган оилаларга топширилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил Қашқадарёга сафари чоғида вилоятдаги ишсизлар ва ёшларни касб-ҳунарга ўқитишнинг мутлақо янги тизими жорий этилишини ва касб-ҳунарга ўқитиш ишларига “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан амалий ёрдам кўрсатилиши тўғрисидаги берилган топшириқ ва кўрсатмалари асосида «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда Қашқадарё вилоятининг Ғузор ҳамда Деҳқонобод туманларида аҳолининг ишсиз ва иш қидираётган қатламини касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил этилган эди.

Бу борада, Деҳқонобод туман касб-ҳунарга ўқитиш марказида ўқиётган ўқувчилар учун Шўртан газ кимё мажмуаси томонидан қурилиш таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди.

Ҳозирги кунда Ғузор ҳамда Деҳқонобод туманларида ташкил этилган касб-ҳунарга ўқитиш марказида қуйидаги: компьютер, IT, веб-сайт яратиш йўналиши, тикувчилик, электрик, пайвандловчи, ошпаз-қандолатчи, қишлоқ хўжалиги механизатори, металларга ишлов берувчи (токарь) мутахассисликлар йўналишлари ташкил этилиб, унда жами 190 нафар фуқаролар 3-4 ойлик қисқа муддатли ўқув курсларида ўқитилмоқда. Ғузорлик фуқаролар каби деҳқонободлик марказ ўқувчилари ҳам олган билимларини Шўртан газ кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш цехларида амалиёт ўташмоқда.

Юқорида кўрсатиб ўтилган ишларнинг давоми сифатида Деҳқонобод туманининг ҳудудий жойлашуви, маҳаллий аҳолининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб касб-ҳунарга ўқитиш марказида “Аёллар сартароши”, “Эркаклар сартароши”, “Автомобилларга техник хизмат кўрсатиш” касблари бўйича назарий ва амалий касбга ўқитиш учун ўқув аудиториялари ва устахоналари тўлиқ жиҳозланди, ҳозирда ушбу курсларни шакллантириш ишлари ҳам олиб борилмоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, мажмуанинг ички имкониятларидан фойдаланган ҳолда касб-ҳунарга ўқиётган ўқувчилар, ўзларининг касбий маҳоратларини ошириш жараёнида Шўртан газ кимё мажмуасида чиқарилган иккиламчи метал чиқиндиларидан хомашё сифатида фойдаланилди ва мутахассислар кўмагида жами 5 комплект 1 сотихлик иссиқхоналар тайёрланди. Шунингдек, тайёрланган иссиқхоналар Деҳқонобод тумандаги иқтисодий даромади паст бўлган оилаларга ўрнатиб берилди ва ушбу оила вакиллари ҳам “Иссиқхона-гулчилик” касби бўйича ўқитилиши йўлга қўйилди.

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Матбуот хизмати