5 июнь - Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни
5 июнь - Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни муносабати билан "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда “Атроф муҳит муҳофазасига барчамиз масъулмиз!” деб номланган байрам тадбири ўтказилди.
Тадбирда, Ўзбекистон Экологик партияси Қашқадарё вилоят Кенгаши фаоллари, вилоят ҳокимининг фахрийлар билан ишлаш бўйича маслаҳатчиси, сенаторлар, депутатлар, республикамиздаги нуфузли ОТМ профессор-ўқитувчилари, партия “Ёшлар қаноти” фаоллари, “Ўзбекнефтгаз АЖ” масъуллари, жамият тасарруфидаги корхоналар экологлари, вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси вакиллари, “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖдаги БПТ аъзолари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Даставвал, тадбир иштирокчилари учун "Шуртан Яшил макон" МЧЖ кўчатхоналари бўйлаб экскурсия уюштирилди. У ерда иштирокчилар кўчатхоналарда етиштирилаётган кўчатлар ва уларни парваришлаш ишлари ҳамда замонавий сув тежовчи технологиялар билан яқиндан танишишди.
Шундан сўнг мажмуа фаоллар залида тадбирнинг иккинчи қисми бошланди.
Тадбирда сўзга чиққанлар сана моҳияти ҳақида гапириб, мамлакатимиздаги экологик ҳолатни яхшилаш, бу йўналишдаги муаммоларни бартараф этиш масаласига Президентимиз томонидан қаратилаётган эътибор, олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтдилар.
Айниқса, ўсиб келаётган ёш авлоднинг экологик саводхонлигини шакллантириш, уларнинг экологияга оид билимларини бойитиш, ҳудудларни “Яшил макон” ларга айлантириш бугуннинг энг устувор масалаларидан бири эканлиги қайд этилди.
Сўнг вилоят ҳокимининг фахрийлар билан ишлаш бўйича маслаҳатчиси Январ Иноятов, Қарши давлат университети профессори, сенатор Абдираҳим Иркаев ва бошқаларнинг “Бутунжаҳон атроф муҳитни муҳофаза қилиш куни” га бағишланган байрам табриклари йиғилганларга аъло кайфият бағишлади.
Табрик ва қутловлардан сўнг Ўзбекистон Экологик партияси томонидан “5 июн – Бутунжаҳон атроф муҳитни муҳофаза қилиш куни” га бағишлаб ўтказилган “Энг яхши эковидеоролик” танловининг республика босқичида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси номинациясида 1-ўринни эгаллаган “Шуртан Яшил макон” МЧЖ жамоасига қимматбаҳо эсдалик совға топширилди.
Шунингдек, тадбир давомида “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда ўтказилган “Энг экологик тоза цех-2023” кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Ғолиблар билан қуйида танишишингиз мумкин:
“Энг экологик тоза цех” кўрик танловининг 1-гуруҳи бўйича:
1-ўрин Полиэтилен ишлаб чиқариш цехи меҳнат жамоаси;
2-ўрин “Қаршитермопласт” цехи меҳнат жамоаси;
3-ўрин Завод марказий лабораторияси меҳнат жамоаси.
“Энг экологик тоза цех” кўрик танловининг 2-гуруҳи бўйича:
1-ўрин Ташқи сув таъминоти цехи меҳнат жамоаси;
2-ўрин Автотранспорт билан таъминлаш хизмати меҳнат жамоаси;
3-ўрин Оқова сувларни тозалаш цехи меҳнат жамоаси.
Шунингдек, иштирокчилар “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда атроф муҳит муҳофазаси йўлида олиб борилаётган ишлар ва эришилаётган ютуқлар акс этган махсус видеороликни томоша қилишди.
Байрамона шукуҳ давом этгани ҳолда атроф муҳит муҳофазасига муносиб ҳисса қўшиб келаётган вилоят нуронийлари ва партия фаоллари ҳамда Ёшлар қаноти аъзоларига мажмуа маъмурияти томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир якунида Халқ депутатлари Яккабоғ туман Кенгаши депутати, хонанда Аслиддин Исоқов томонидан куйланган шўх қўшиқлар барчага байрамона кайфият улашди.