Шўртан газ кимё мажмуасида амалга оширилган жорий таъмирлаш ишлари ўз якунига етди ва мажмуа одатий иш режимида ишлай бошлади
Шўртан газ кимё мажмуасида олиб борилган жорий таъмирлаш ва модернизация ишлари ўз ниҳоясига етиб, технологик қурилма ва ускуналарни босқичма-босқич ишга тушириш ишлари муваффақиятли амалга оширилди ва мажмуа одатий иш режимида ишлай бошлади.
Жорий таъмирлаш ишлари давомида тасдиқланган чора-тадбирлар асосида ишлаб чиқариш цехларида қуйидаги ҳажмдаги ишлар олиб борилди.
- Этилен цехининг газларни диэтаноламин ёрдамида тозалаш қурилмасидаги барча беркитувчи арматуралар янгисига алмаштирилди;
- Мажмуа мутахассислари ва "ZMK Technologies GmbH" (Германия) компанияси мутахассислари ҳамкорлигида BА-1101, ВА-1102, ВА-1103 пиролиз печларини трансфер қувуридаги 2 дискли клапанларни янгисига алмаштириш ва ростлаш (наладка) ишлари олиб борилди;
- Полиэтилен ишлаб чиқариш цехи Реакция ва рецикл қурилмасидаги FA-2105 адсорберини электрозадвижкаларини алмаштириш ишлари бажарилди;
- Буғ газ ҳаво таъминоти цехига қарашли Технологик сувни совитиш қурилмасидаги AD-6201 чаша ҳовузларини тозалаш ва тўсиқларини таъмирлаш ишлари бажарилди.
- 59 дона иссиқлик алмашиниш аппаратларининг қувурлар боғламларини босим остида сув билан ювиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди;
- 39 дона айланувчи механизмларга техник хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди;
- 158 дона беркитувчи арматура ва клапанларни текшириш ва таъмирлаш, 171 дона электр жиҳозларини техник кўрикдан ўтказиш ва таъмирлаш ишлари бажарилди.
Шунингдек, мажмуа бўйича босим остида ишловчи идишларнинг 53 донасида ташқи ва ички кўрик, 54 донасида сув билан синаш, технологик қувурузатгичларни 110 донасида сув билан синаш, пружинали ҳимояловчи клапанларнинг 31 донасида даврий текширув ўтказиш ҳамда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси рўйхатида турадиган босим остида ишловчи идишларинг 15 донасида техник кўрик ўтказиш ва сув билан синаш ишлари бажарилди.
Юқоридаги кўрсатиб ўтилган ишларни олиб бориш вақтида газ хавфли ишлар ҳамда оловли ишлар ўрнатилган тартибда техника хавфсизлиги, саноат хавфсизлиги, газ, ёнғин ва электр хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда олиб борилди. Бунинг учун ушбу ишларга масъул хизматлар мутахассислари кечаю-кундуз алоҳида жонбозлик билан барча ишларни беталофат ва хавфсиз ўтказилишини ўз назоратларига олишди.
Бундан ташқари, корхона ўз олдига мақсад қилиб қўйган асосий вазифалардан бири бўлган, қурилмаларни бошқарув тизимларини босқичма-босқич модернизация қилиш ишлари доирасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, «HIMA Middle East FZE» компанияси мутахассислари иштирокида мажмуанинг авария ҳолатларига қарши ҳимоя ва блокировка (HIMA) бошқарув тизимларида, «Mechanics» МЧЖ компанияси мутахассислари иштирокида Буғ газ ҳаво таъминоти цехи PA-6101AX/BX қозонларининг автоматлаштирилган бошқарув тизимларида модернизация ишлари якунланди.
Таъмирлаш ва модернизация жараёнлари мажмуа мутахассисларининг самарали меҳнати ҳамда турдош корхоналардан келган ёрдамчи ишчи кучи ва махсус техникаларининг жалб қилиниши эвазига белгиланган муддатдан аввал, 14 кунда якунланди. Бу ҳаракатлар қурилмаларни таъмирлаш вақтини қисқартириб, келгусида ишлаб чиқариш жараёнида операцион самарадорликнинг ошишига ҳамда маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг йиллик ҳажми ортишига замин яратади.
Ушбу таъмирлаш ва модернизация ишларида жонбозлик кўрсатган барча мажмуамиз ишчи-ходимларига, турдош корхоналардан келган ходимларга ҳамда чет эллик мутахассисларга мажмуа раҳбарияти ўз миннатдорчилигини билдиради.