May 28

"Шўртан ГКМ" МЧЖда фаолият олиб бораётган хотин-қизлар иштирокида "Бахтли келажак сари" шиори остида “ШГКМ Шижоатли хотин-қизлари форуми” бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 24-26 май кунлари Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманининг Мироқи шаҳарчасида жойлашган “Лочин” болалар соғломлаштириш оромгоҳида "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда фаолият олиб бораётган хотин-қизлар иштирокида "Бахтли келажак сари" шиори остида “ШГКМ Шижоатли хотин-қизлари форуми” ўтказилди.

Мажмуада меҳнат қилиб келаётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятларини такомиллаштириш мақсадида ташкил этилган мазкур форумда, корхонанинг ишлаб чиқариш жараёнларига таъсир этмаган ҳолда 200 нафар хотин-қизлар иштирок этишди.

Форумнинг дастлабки куни тантанавор очилиш маросими билан бошланди ва гуруҳларга бўлинган жамоаларнинг қисқа вақт ичида тайёрлаган қизиқарли тақдимотлари билан давом этди.

Шундан сўнг, мажмуада ишчи-ходимларнинг бўш вақтларини кўнгилли ва мазмунли ўтказиш, иқтидорли ёшларни излаб топиш, уларга ўз имкониятларини юзага чиқариш учун шароит яратиш мақсадида анъанавий равишда ўтказиб келинаётган “Қувноқлар ва Зукколар” кўрик-танловининг иккинчи саралаш беллашуви бўлиб ўтди.

Қизғин баҳс-мунозараларга ва ҳушкайфият улашувчи ҳолатларга бой бўлган тадбирда жамоалар турли шартлар асосида ўз билим ва маҳорати, ҳозиржавоблиги, интеллектуал салоҳиятини намойиш этган ҳолда форум иштирокчиларига бир олам завқ улашишди.

Форумнинг иккинчи куни иштирокчиларни илм олишга, китоб ўқишга, изланишга бўлган қизиқишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилган "Заковат" интеллектуал ўйини билан бошланди.

Шунингдек, "Қувноқ эстафета" ҳамда спортнинг волейбол, шахмат-шашка, стол тенниси ва арқон тортиш каби турлари бўйича мусобақалар бўлиб ўтди.

Раҳбарият ташаббуси билан ташкил этилган мазкур форум жонли ижродаги куй-қўшиқлар ва бадиий чиқишларга бой тарзда ўтказилди.

Форумнинг ёпилиш маросимида ўтказилган барча спорт мусобақалари ва беллашувларда ғолиб бўлган иштирокчиларга дипломлар ва эсдалик совғалари топширилди.

Фотолавҳалар:

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|