Шўртан газ кимё мажмуасида баҳор ва нафосат байрами!
"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда "8 март – Халқаро хотин-қизлар куни" муносабати билан мажмуада меҳнат қилиб келаётган хотин-қизлар учун байрам тадбири ташкил этилди.
Тадбир "Эркатой" Мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчилари томонидан тайёрланган қизиқарли чиқиш билан бошланди. Болажонлар ижросидаги мусиқали шоу дастурлари меҳмонларга юқори кайфият ва илиқ таассуротлар улашди.
Тадбирда "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Бош директори, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳрат Асланов сўз олиб, мажмуада фаолият юритаётган барча хотин-қизларни баҳорий байрам билан самимий муборакбод этди. Шухрат Асланов ўз нутқида хотин-қизларнинг жамиятдаги тутган ўрни, иқтисодий-ижтимоий тараққиётдаги иштироки ҳамда мажмуанинг ривожланишига қўшаётган муносиб ҳиссаси ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди. Шунингдек, меҳнат фидокорлари бўлган аёлларнинг саъй-ҳаракатлари, ташаббуслари, фаоллиги ҳамиша юксак қадрланишини таъкидлади.
Шундан сўнг, мажмуанинг бир гуруҳ фидойи аёллари тақдирландилар.
Жумладан, мамлакатимизда нефт ва газ саноати тармоғининг юксалиши йўлида кўп йиллик самарали хизматлари эътироф этилиб, 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мажмуанинг 5 нафар хотин-қизи "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамиятининг "Фахрий ёрлиғи" билан тақдирланди. Шунингдек, корхонада узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилиб келаётган, ижтимоий фаол бўлган яна 10 нафар хотин-қизлар "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖнинг "Фахрий ёрлиғи" билан тақдирланди.
Бундан ташқари, 2025 йил 5 март куни Бухоро шаҳрида "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти тасарруфидаги корхона ва ташкилотларда фаолият юритувчи хотин-қизлар ўртасида ўтказилган "Интеллектуал олимпиада-2025" мусобақасида шарафли 2-ўринни қўлга киритган 8 нафар хотин-қизлар ҳамда жорий йил бошида "Ўзбекнефтгаз" Акциядорлик жамияти тасарруфидаги корхона ва ташкилотлар ходимлари ўртасида ўтказилган "Шахмат" мусобақасида чемпион бўлган Қўзиева Хуршида Ҳусановна мажмуа маъмурияти ва Касаба уюшма қўмитаси томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар.
Тадбир давомида ташкил этилган кўнгилочар дастурлар, санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар иштирокчиларга байрамона кайфият бағишлади. Ушбу тадбир хотин-қизларга бўлган юксак эътибор ва ҳурматнинг яна бир ёрқин намунаси бўлди.