"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгилаб олинди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 16 февралдаги «2023 йилда қайта тикланувчи энергия манбаларини ва энергия тежовчи технологияларни жорий этишни жадаллаштириш чора тадбирлари тўғрисидаги» 57-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда 2023-2024 йиллар давомида энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда энергия тежамкор технологияларни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар режаси белгилаб олинди.
Ишлаб чиқилган чора-тадбирда белгилаб олинган режага кўра, электр энергиясини тежаш бўйича бажариладиган ишлар натижасида йилига режага нисбатан 15% электр энергияси тежаб қолиниши кутилмоқда. Бундан ташқари йил давомида водород гази 44%, метан гази 6%, сиқилган пропан-бутан 100%, регенерация гази (метан+водород) 1.5%, иссиқлик энергияси 7%, сув 4% миқдорда тежалишига эришилиши кутилмоқда.
Шунингдек, мажмуа объектларига ишлаб чиқилган чора-тадбир режасига асосан, умумий қуввати 2.04 МВт бўлган қуёш электр станцияси ўрнатилгач йилига 4,430 минг МВт, қуёш сув қиздиргичлари ўрнатиш орқали 4.0 минг МВт, частотани ростлаш қурилмасини ўрнатиш орқали 878 минг кВт, технологик қурилмаларни узлуксиз ишлаш жараёнлари вақтида энергиядан самарали фойдаланиш натижасида 3,838 минг МВт, мавжуд ҳар хил қувватли кўча ёритиш чироқларини замонавий қуёш батареяли чироқларга алмаштириш орқали 331 минг кВт, ёритиш чироқларига ҳаракатланиш датчиклари ўрнатиш орқали 6,4 минг кВт, технологик жараёнларда ишлатилаётган мавжуд электр насосларни ишдан тўхтатиш орқали 266 минг кВт, насос станцияларидаги мавжуд насос агрегатларини иқтисодий самарадорига алмаштириш орқали 3,828 минг МВт электр энергияси тежалиши кутиляпти.
Қозон ва печ ёқилғисини мониторинг қилиб, технологик қурилмалардан оқилона фойдаланиб, сув иситиш қозонларини режим карталарига асосан эксплуатация қилиниши натижасида, 6 264 400 м3 газларни тежалиши режалаштирилган.
Ишлаб чиқаришда ҳосил бўлаётган паст босимли буғга йилнинг иссиқ вақтларида истеъмолчи бўлмаганлиги сабабли қайта тизимга қайтариш, ҳаво билан совитиш аппаратларига берилаётган деминераллашган сув миқдорини форсункаларни ўзгартириш, ёмғир, қор сувларини, деминераллашган сув тайёрлаш қурилмасидан чиқаётган концентрат оқова сувларини ва маиший хўжалик сувларини қайта ишлатиш орқали 425 568 тонна сувни тежаш режалаштирилган.
Шунингдек, мажмуада мавжуд бир қатор автотранспорт воситаларини газ ёқилғи турини ўзгартириш ва суюқ углеводородларни ташишда автотранспорт харажатини қисқартириш эвазига автомобиль ёқилғисини тежаш масалалари ҳам мажмуа мутахассислари томонидан кўриб чиқилмоқда.