Пенсияга стаж, расмий даромад, кредит олиш имкониятлари – ўзини ўзи банд қилишнинг қандай афзалликлари бор?
Бугун аксарият аҳоли шуғулланиб келаётган ишлар, жумладан, устачилик, уй ишларини бажариш, мебел йиғиш, ғишт териш фаолияти ҳеч қаерда рўйхатдан ўтказилмаган. Бу фаолият турларини ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиб амалга ошириш эса, фуқароларга қатор енгилликларни беради. Бугун биз сизга, ўзини ўзи банд қилиш тартиби ва афзалликлари ҳақида маълумот бериб ўтамиз.
1. Ўзини ўзи банд қилган шахс ким?
Ўзини ўзи банд қилган шахс – даромад олиш мақсадида хизмат кўрсатиш, ишларни бажаришда шахсий меҳнати билан иштирок этадиган, фаолиятни мустақил амалга оширадиган, ЯТТ сифатида рўйхатга олинмаган шахс.
2. Қайси ишлар билан ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида шуғулланиш мумкин?
Қонунчиликда ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун 100 дан ортиқ фаолият (ишлар, хизматлар) турлари белгиланган, уларнинг тўлиқ рўйхати билан бу ерда танишиш мумкин.
Жумладан, ушбу рўйхатда репетиторлик қилиш, деҳқон бозорида савдо қилиш, сартарошлик, “маклер” хизмати мавжуд.
Ўзини ўзи банд қилган шахс cифатида “Солиқ” мобил иловаси ёки my.soliq.uz, my.gov.uz ҳамда солиқ инспекциясига бориб рўйхатдан ўтиш мумкин.
Рўйхатдан ўтишда сўровнома тўлдирилади.
Сўровномада қуйидаги маълумотлар кўрсатилади:
жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (паспорт тагида ёзилган 30 билан бошланадиган 14 хонали рақам), рўйхатдан ўтказиш электрон рақамли имзо орқали амалга оширилса бу маълумот автоматик чиқади;
фуқаро ишни (хизматни) бажарадиган манзили;
телефон рақам ва у билан боғланиш мумкин бўлган бошқа маълумотлар.
Рўйхатдан ўтиш якунланиши биланоқ, ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида QR-кодли маълумотнома берилади.
Маълумотнома ўзбек тилида расмийлаштирилади. Шахснинг хоҳишига кўра маълумотнома рус ва инглиз тилларида ёки имкон бўлса, бошқа тилда расмийлаштирилиши мумкин.
4. Рўйхатдан ўтиш нархи қанча?
Рўйхатдан ўтиш маълумотномаси чекланмаган муддатга берилади.
“Рўйхатдан ўтмасам ҳам шу ишлар билан бемалол шуғулланиб келяпман” – деб ўйлашингиз мумкин. Рўйхатдан ўтишнинг бир қанча афзалликлари бор.
Биринчидан, ўзини ўзи банд қилган шахс cифатида рўйхатдан ўтган шахслар йилига камида БҲМнинг 1 баравари миқдорида (340 минг сўм) ижтимоий солиқ тўлайди.
Мана шу тўланган солиқ шахсга меҳнат стажини ҳисоблаб чиқариш учун асос бўлади, яъни пенсия учун стаж қўшилади.
Тўловнинг номи солиқ деб номланса-да, у тўлиқ Пенсия жамғармасига ўтказилади ва кейинчалик шахсга пенсия шу тўланган пулдан ҳисоблаб чиқарилади.
Агар шахс БҲМнинг 1 баравари эмас кўпроқ тўлайдиган бўлса, пенсия ҳам шунга мос кўпроқ чиқади.
Иккинчидан, ўзини ўзи банд қилган шахслар топадиган пулдан солиқ олинмайди.
Учинчидан, фаолиятни ривожлантириш, кенгайтириш учун кредитлар олмоқчи бўлганда ёки банкдан исталган бошқа кредит, ипотека, автокредит олмоқчи бўлганда, аксарият банклар расмий даромад манбаини сўрашади. Ўзини ўзи банд қилган шахс cифатида рўйхатдан ўтган шахснинг даромади расмий даромад сифатида қабул қилинади.
Манба: Hudud24.uz