January 8

2024 йил учун белгиланган ишлаб чиқариш режа кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилди

Ўтган 2024 йил бошида "Ўзбекнефтгаз" АЖ раҳбарияти томонидан берилган топшириқ ва кўрсатмалар асосида, Шўртан газ кимё мажмуасида барча ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ва режалаштирилган чора-тадбирлар ижобий натижалар билан якунланди.

Жумладан:

  • Мажмуада 2024 йил давомида 4 млрд 208 млн м³ хом-ашё газини (режага нисбатан 108 %) чуқур қайта ишлаш орқали, 3 млрд 553 млн м³ тозаланган табиий газ (режага нисбатан 108 %), 105,8 минг тонна газ конденсати (режага нисбатан 119 %), 126,2 минг тонна суюлтирилган газ (режага нисбатан 119 фоиз), 1321 тонна олтингугурт (режага нисбатан 165 %) ва 137,6 минг тонна полиэтилен грануласи (режага нисбатан 110 %) ишлаб чиқарилди ва мажмуа ишлаб чиқариш режа кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилди;
  • Мажмуа ишлаб чиқариш қурилмаларининг бошқарув блоки – DCS Тармоқланган бошқарув (Honeywell) тизимида мажмуада муқаддам амалга оширилмаган мураккаб модернизация ва таъмирлаш ишлари муваффақиятли амалга оширилиб, белгиланган муддатидан 17 кун аввал якунланди;
  • Буғ газ ҳаво таъминоти цехида – Азот ва ҳаво олиш қурилмаси (РА-6600) ҳамда Демин сув олиш қурилмасининг (РА-6300) автоматик бошқарув тизимида амалга оширилаётган модернизация жараёнлари якунланди;
  • Мажмуага қарашли объектларда энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда энергия тежамкор технологияларни жорий этиш мақсадида 5,3 МВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияси тўлиқ ишга туширилиб, фойдаланишга топширилди;
  • Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти (Ҳозирги Қарши Давлат техника университети) билан ўзаро ҳамкорликда нефт ва газни қайта ишлаш технологияси, электр таъминоти ва кимёвий технология мутахассислиги бўйича малакали кадрларни тайёрлаш мақсадида мажмуада «Газ-кимё ва энергетика» илғор муҳандислик мактаби фаолияти йўлга қўйилди;
  • 2024 йил давомида билим синовлари асосида 134 нафар ходимларнинг мансаб даражалари оширилди, 2053 нафар ходимларнинг тегишли йўналишлар бўйича малакаси оширилди ҳамда 16 нафар ходим Япония, Россия ва Германия давлатларининг етакчи компанияларида малака ошириб қайтишди;
  • Юқори интеллектуал салоҳиятга эга талабалар орасидан мутахассислик билимларига эга 22 нафар ОТМ битирувчи талабалари ШГКМ стипендияси соҳиби бўлишди ҳамда 16 нафар талабалар учун барча имкониятлар яратилган амалиёт ташкил қилинди;
  • Мажмуа ходими Элмуродов Шокир Менгнорович ишлаб чиқариш ва ижтимоий ҳаётдаги намунали фаолияти учун давлатимиз раҳбари томонидан юксак эътироф этилиб, Президент Фармони асосида «Дўстлик» ордени билан тақдирланди;
  • Қурилиш ва таъмирлаш соҳасида ҳам мажмуамиз олдига қўйилган ҳукумат даражасидаги топшириқлар ўз вақтида сифатли бажарилиши таъминланди. Хусусан, Президентимизнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида мажмуага Ғузор туманида «Янги Ўзбекистон» массивини яратиш вазифаси юклатилган эди. Мазкур вазифа уддаланиб, "Шўртан ГКМ" МЧЖ ва "Uzbekistan GTL" МЧЖ ходимлари учун 10 та 200 хонадонли уй қуриб битказилди ва ишчи-ходимларга топширилди;
  • Қашқадарё вилояти бўйлаб, қарийб 500 гектарга яқин ер майдонларига сувни тежовчи технологиялар жорий этилишига эришилди.

Шунингдек, ижтимоий соҳаларда ҳам мажмуамиз тарихига фахр билан муҳрланса арзирли ишлар, хайрли тадбирлар амалга оширилди. Кўплаб ходимларимиз мамлакат миқёсидаги ҳамда "Ўзбекнефтгаз" АЖ тизими доирасидаги турли кўрик-танловлар, спорт мусобақалари, интеллектуал ўйинлар ва йил номинациялари ғолиби бўлишди.

Бир сўз билан айтганда, ўтган 2024 йил давомида Шўртан газ кимё мажмуасида ҳар бир соҳа кесимида салмоқли ишлар амалга оширилди ва кўплаб ютуқларга эришилди.

Ушбу ижобий натижалар ҳамда эришилган ютуқлар учун мажмуа раҳбарияти кўп минг сонли жонкуяр ва заҳматкаш ишчи-ходимларга ўз миннатдорчиликларини билдиради.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|