"Шўртан ГКМ" МЧЖ: Болаларга бир олам завқ улашилди
“Ўзбекистон нефт ва гази – ОГУ-2023” 25-юбилей кўргазмаси ва Ўзбекистон учинчи халқаро энергетика форуми доирасида болалар ва ўсмирлар учун “Яшил иқтисодиёт ва қайта тикланадиган энергия манбалари” мавзусида расмлар танлови эълон қилинган эди.
Мазкур танлов келажак авлодни яшил иқтисодиёт, энергия тежаш ва қайта тикланадиган энергия манбалари ҳақидаги тасаввурларини шакллантириш, экология ва табиатни муҳофаза қилишга бўлган қизиқишларини кучайтириш, бадиий маҳоратларини ривожлантириш ҳамда истеъдодларини рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган бўлиб, танловга юборилган барча суратларда энергияни тежаш ва қайта тикланадиган энергия манбаларининг Она табиатга ижобий таъсири болалар тасарруфида акс эттирилган.
Ушбу танловда "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда фаолият олиб бораётган ишчи-ходимларнинг 30 нафар фарзандлари ўз ижод намуналари билан иштирок этишди.
Танловда мажмуа ходими Нигматов Илхом Садиковичнинг фарзанди Содиқов Саидбек фахрли иккинчи ўринни эгаллаб, ғолиблар қаторидан жой олди!
Бугун Қарши шаҳридаги "Насаф" ПФК маъмурий биносида "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ маъмурияти, мажмуа Касаба уюшма қўмитаси, ШГКМ Хотин-қизлар қўмитаси, Ёшлар иттифоқи ШГКМ БТ ҳамкорлигида ёш бўлишига қарамасдан танловда ўзининг бадиий маҳоратини ва ўткир зеҳнини намойиш қилган болажонларни рағбатлантириш ҳамда уларни иқтидори ва истеъдодини қўллаб-қувватлаш мақсадида байрамона тадбир ташкил этилди.
Тадбирда “Яшил иқтисодиёт ва қайта тикланадиган энергия манбалари” мавзусида бўлиб ўтган расмлар танловида фаол иштирок этган 30 нафар болажонларнинг барчасига қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир давомида ташкилий қўмита томонидан ташкил этилган шоу дастурлар ва "Эркатой-3" МТМ тарбияланувчилари томонидан ижро этилган гўзал рақс ва қувноқ қўшиқлар болажонларга бир олам завқ улашди.
Шунингдек, болажонлар учун бугунги кунда юртимиз ва халқаро майдонларда ўз ўрнига эга бўлган "Насаф" профессионал футбол клуби музейи ва марказий ўйингоҳи бўйлаб экскурсия ташкил этилди.