"Шўртан ГКМ" МЧЖда турдош корхона ёшлари учун экскурсия ташкил этилди
2024 йил 27-29 март кунлари "Ўзбекнефтгаз" АЖ тасарруфидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ёшларни ўзаро фикр ва тажриба алмашишини таъминлаш ҳамда ёш мутахассислар малакасини ошириш мақсадида "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ ва "Uzbekistan GTL" МЧЖ заводларида "Ёшлар куни" тадбири доирасида экскурсиялар ташкил этилмоқда.
Экскурсиянинг дастлабки кунида Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси, "Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи" МЧЖ, Шўртан нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси, Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси, Газли нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармаси, "Uz-Kor Gas Chemical" ҚК ва Муборак газни қайта ишлаш заводидан келган ёш мутахассислар "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда бўлишди.
Тадбирда "Шўртан ГКМ" МЧЖ Бош директорининг транспорт ва хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Н.Халилов сўзга чиқиб, тадбирни очиб берди ва ёш мутахассисларга ўз эзгу тилакларини билдириб ўтди.
Шундан сўнг, меҳмонлар учун "Ёшлар куни" дастури тақдимоти ва мажмуа тарихи ҳамда бугунги кундаги фаолияти акс этган видеоролик намойиши бўлиб ўтди. Шунингдек, тегишли мутахассислар томонидан техника хавфсизлиги қоидалари ва йўриқномалари билан таништирилди.
Ёш мутахассислар Нефт ва газни қайта ишлаш, Энергетика, Назорат ўлчов асбоблари ва автоматлаштириш, Метрология, Саноат ва техника хавфсизлиги, Операцион самарадорлик, Ишончлиликни бошқариш, Сифат менежменти, Омборларни бошқариш, Маркетинг, Корпоратив харидлар, Бухгалтерия ва Ёшлар билан ишлаш каби йўналишларга тақсимланган ҳолда мажмуанинг малакали мутахассислари бошчилигида завод ҳудудига олиб кирилди.
Экскурсия доирасида ёш мутахассислар "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖнинг ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди.
Мажмуадаги юқори технологияларга асосланган қурилмалар ва ускуналар ёшларда катта қизиқишлар уйғотди ва улар ўзларига ҳамроҳлик қилаётган мутахассисларимиздан ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоблар олишди.
Шундан сўнг, тадбир иштирокчилари мажмуа ишчилар шаҳарчасига олиб борилди ва ишчи-ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар билан таништирилди. Шунингдек, мехмонлар мажмуа тарихий музейи ва мажмуага қарашли сув омборида ҳамда "Ўзбекнефтгаз" AЖ ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини оширишга ихтисослашган "UNG Trening" МЧЖда бўлишди.
Бу каби экскурсиялар барча иштирокчиларда катта таассурот қолдириши билан бир қаторда "Ўзбекнефтгаз" АЖ тасарруфидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат фаолиятини олиб бораётган ёшлар орасидаги ҳамкорликни ривожлантириш борасидаги навбатдаги катта қадам бўлди.
Тажриба ва ўзаро фикр алмашиш албатта келажак авлоднинг ишончли келажаги учун яхши пойдевор вазифасини бажаради. Бу амалиётнинг "Ўзбекнефтгаз" АЖ томонидан қўллаб қувватланиши эса нефт ва газ соҳасида етук кадрларни етиштириб чиқаришда катта ҳисса қўшиши тайин.
Тадбирнинг иккинчи кунида ёш мутахассислар "Uzbekistan GTL" МЧЖ заводида бўлишди ва завод фаолияти билан яқиндан танишишди.
Маълумот учун, тадбирнинг учинчи кунида ёшлар учун интеллектуал ўйинлар ва кўнгилочар дастурлар ҳамда "Яшил макон" лойиҳаси доирасида икки завод ўртасидаги ҳудудда "Ёшлар боғини"ни ташкил этиш кўзда тутилган.