"Шўртан ГКМ" МЧЖ: 2023 йил учун белгиланган ишлаб чиқариш режа кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилди
Ўтган 2023 йил бошида "Ўзбекнефтгаз" АЖ раҳбарияти томонидан берилган топшириқ ва кўрсатмалар асосида, Шўртан газ кимё мажмуасида барча ишлаб чиқариш кўрсаткичлари ва режалаштирилган чора-тадбирлар ижобий натижалар билан якунланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2023 йилнинг январь ойида респyблика ҳудудига совуқ ҳаво массаси кириб келиши натижасида юртимиз бўйлаб аномал совуқ об-ҳаво ҳукмронлик қилди. Мажмуа ҳудудида ҳам ҳаво ҳарорати кечалари -26 градусгача тушиб кетди. Ҳатто мажмуадаги айрим қурилмаларни беталофат ишлатиш, умуман корхонанинг барқарор ишлашини таъминлашда жиддий хавотир туғилди.
Лекин, мажмуа раҳбарияти томонидан қурилмаларни беталофат ишлатиш учун ўз вақтида кўрилган чоралар ҳамда мутахассисларнинг мажмуа олдига қўйилган топшириқларни тўғри англаган ҳолда аҳиллик, илм ва тартиб билан амалга оширган тезкор саъйи-ҳаракатлари натижасида ушбу синовдан ҳам муваффақиятли ўтилди.
Шунингдек, 2023 йил май ойида бўлиб ўтган қисқа муддатли таъмирлаш ишларида 725 та позиция, октябрь ойида бўлиб ўтган асосий таъмирлаш жараёнларида эса 1480 та позиция бўйича таъмирлаш ишларини сифатли ва муддатидан 10 кун олдин бажариш орқали ишлаб чиқариш барқарорлиги таъминланди.
Бир сўз билан айтганда, ўтган 2023 йил давомида Шўртан газ кимё мажмуасида ҳар бир соҳа кесимида салмоқли ишлар амалга оширилди ва бир қатор ютуқларга эришилди
- Мажмуада 2023 йил давомида 4 млрд 151 млн м³ хом-ашё газини (режага нисбатан 103,6 фоиз) чуқур қайта ишлаш орқали, 3 млрд 480 млн м³ тозаланган табиий газ (режага нисбатан 103,1 фоиз), 103,5 минг тонна газ конденсати (режага нисбатан 108,4 фоиз), 117,9 минг тонна суюлтирилган газ (режага нисбатан 110,2 фоиз), 908 тонна олтингугурт (режага нисбатан 113,5 фоиз) ва 131,9 минг тонна полиэтилен (режага нисбатан 105,5 фоиз) – жами 3,37 трлн сўм қийматдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилди ва мажмуа ишлаб чиқариш режа кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилди;
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қашқадарё вилоятига ташрифи чоғида “Шўртан газ кимё мажмуаси”га юклатилган топшириқлар юзасидан бир қатор ижтимоий объектларда қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди;
- 2023 йилда 1,7 млн АҚШ доллари қийматдаги HIMA ҳимоя ва блокировка тизими ва 4,8 млрд сўм қийматдаги Марказий буғ қозонларини автоматик бошқариш тизими модернизация қилинди. Жорий йилда эса 103 млрд сўм қийматдаги модернизация ишларини амалга ошириш режалаштирилган;
- Тайёр маҳсулотлар ва хом ашё цехидаги Суюқ ишқор тайёрлаш қурилмаси мажмуа ички имкониятларидан фойдаланган ҳолда модернизация қилинди ва ишлаб чиқариш қуввати икки баробарга оширилди;
- Мажмуага қарашли объектлар ва ер майдонларига 4075 kW қувватдаги қуёш панеллари ўрнатилди ва 1895 kW қувватли қуёш панеллари ишга туширилди;
- 2023 йил давомида билим синовлари асосида 184 нафар ходимларнинг имтиҳон асосида мансаб даражалари оширилди, 2048 нафар ходимларнинг тегишли йўналишлар бўйича малакаси оширилди ҳамда 16 нафар ходим Япония, Россия ва Германия давлатларининг етакчи компанияларида малака ошириб қайтишди.
- 2 нафар ходим ишлаб чиқариш ва ижтимоий ҳаётдаги намунали фаолияти учун давлатимиз раҳбари томонидан юксак эътироф этилиб, Давлат мукофоти ва эсдалик нишонлари билан тақдирландилар.
Ушбу ижобий натижалар ҳамда эришилган ютуқлар учун мажмуа раҳбарияти кўп минг сонли жонкуяр ва заҳматкаш ишчи-ходимларга ўз миннатдорчиликларини билдиради.