September 18, 2023

Шўртан газ кимё мажмуасида жорий этилган лойиҳа "Нефт ва газ саноатидаги энг яхши рақамли ечимлар" ХIV танлови ғолиби бўлди

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда жорий этилган лойиҳа “Нефт ва газ саноатида маҳаллий ERP тизимини жорий этиш бўйича энг яхши лойиҳа” номинациясида ғолиб бўлди.

Жорий йилнинг 15-сентябрь куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида “Нефт ва газ саноатидаги энг яхши рақамли ечимлар” ХIV танлови ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Ушбу танловда 17 та номинация бўйича турли давлатлардан IТ соҳасидаги амалга оширилган лойиҳалар билан кўплаб йирик компаниялар иштирок этишди.

“Нефт ва газ саноатида маҳаллий ERP тизимини жорий этиш бўйича энг яхши лойиҳа” номинацияси ғолиблиги учун мукофотни лойиҳа пудратчиси “1C: Первый Бит” компаниясининг корпоратив лойиҳалар бўйича раҳбари Виктор Бурдин ва “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ бош директорининг ахборот технологиялари ва ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Фахриддин Қуватовлар қабул қилишди.

- “Лойиҳа жуда қизиқарли бўлди, биз 1C:ERPни Ўзбекистон Республикасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги "Шўртан ГКМ" МЧЖ корхонасида жорий этишга муваффақ бўлдик. Бундан ташқари, жорий этиш мослашувчан технологиялар ёрдамида амалга оширилди. Нафақат Россияда, балки Ўзбекистон Республикасида ҳам ўзини ривожлантириш ва рақамлаштиришга, тажриба жорий этишга, шу жумладан Россия тажрибасига ҳам қизиқиш билдираётганлар борлигидан мамнунмиз, — деди Виктор Бурдин.

– Танлов ташкилотчиларига ўз миннатдорчилигимни ва корхонамиз учун янги лойиҳа тизимини жорий этгани учун «Первый Бит» компаниясига катта раҳмат, – дея қўшимча қилди Фахриддин Қуватов.

Танлов 2009 йилда Россия Федерацияси Рақамли ривожланиш вазирлигининг ўша вақтдаги раҳбари Игор Щеголев таклифига биноан CомNеws group томонидан ташкил этилган бўлиб, ушбу танловда ҳар йили нефт ва газ соҳасида амалга оширилган IТ ва саноатни автоматлаштириш соҳасидаги энг муҳим лойиҳаларнинг мижозлари ва ижрочилари эътироф этиб келинади.

Танловдан кўзланган мақсад, нефт ва газ саноати учун рақамли инновацион ечимлар ва технологияларни қидириш ва ишлаб чиқишни қўллаб-қувватлашдир. Шунингдек, илғор тажриба алмашиш, бир компанияда ўзини оқлаган лойиҳаларни соҳадаги бошқа корхоналарда исботлаган ечимларини такрорлашдир.

Бундан ташқари танловда иштирок этиш ишлаб чиқувчиларга, илмий ташкилотларга, кичик ва ўрта корхоналарга саноат ҳамжамиятининг диққат марказида бўлиш имконини беради, бу уларга технологияларни жорий этиш учун маблағ олиш, таниқли соҳа мутахассисларининг тавсияларидан фойдаланиш, шериклар, мижозлар ва ўз компаниясини саноат етакчисига айлантириш учун имкониятлар беради.

Таъкидлаш керакки, нафақат Россия Федерацияси ёки МДҲ мамлакатлари орасида, балки бутун жаҳон нефт ва газ бозорида ўзининг кучли таъсири ва салмоқли ҳиссасига эга бўлган “Газпром”, “Лукойл”, “Сибур” ва “Зарубежнефть” каби гигантлар, “Газпромбанк” каби банк ва молия институтлари шунингдек ишлаб чиқарувчи ва логистика компаниялари танловнинг доимий иштирокчиларидир. Жорий йилдаги танлов ғолиблари орасида “Газпром” компанияси ва тармоқларининг кўпгина номинациялар бўйича ғолиб деб топилганлиги ушбу гигант компания ўз-ўзини ривожлантириш ва жаҳон бозорида рақобатбардошликни таъминлаш йўлида қанчалар катта куч ва маблағ сарфлаётганлигидан далолатдир.

Бизнинг мажмуамиз ана шу гигиантлар қаторида танлов совриндори бўлиши эса, мамлакатимизда амалга оширилаётган рақамли иқтисодиётга ўтиш йўлидаги стратегия доирасидаги муносиб қадамдир.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|