ШГКМ Касаба уюшма қўмитаси ходими Халқаро конфедерацияда эътироф этилди
2025 йил 25 апрель куни Қозоғистон Республикаси Олмаота шаҳрида Нефть, газ ва қурилиш корхоналари касаба уюшмалари халқаро конфедерациясининг VI (навбатдан ташқари) Конгресси бўлиб ўтди.
Қурултойда Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия ва Ўзбекистоннинг аъзо ташкилотлари вакиллари – делегатлар сифатида иштирок этдилар.
Конфедерация Қурултойи доирасида аъзо ташкилотлар ва Конфедерация Кенгашининг икки йиллик фаолияти муҳокама қилинди. Шунингдек, халқаро касаба уюшмалари майдонидаги фаолиятни янада самарали ташкил этишга қаратилган бир қатор тавсиялар илгари сурилди.
Қурултой давомида таркибдан чиққан аъзолар ўрнига Конфедерация Кенгаши ва Текширув комиссиясига янги аъзолар сайланиши юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Қурултой якунида Халқаро нефть, газ ва қурилиш корхоналари касаба уюшмалари Кенгашининг ташкилий йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда халқаро бирлашманинг келгуси фаолият режаси, молиявий масалалар муҳокама қилинди ҳамда Беларусь ва Ўзбекистоннинг қардош касаба уюшмалари аъзоларини Конфедерациянинг "Фахрий ёрлиғи" билан тақдирлаш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Биз учун қувонарли жиҳати шундаки, "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Касаба уюшма қўмитаси Жамоа шартномаси бажарилишини назорат қилувчи йўриқчиси Эшқобилов Неъматилла Абдиҳалимович — Касаба уюшмалари ҳаракатининг ҳамжиҳатлиги ва бирлигини мустаҳкамлашга, жамиятда касаба уюшмаларининг таъсирини кучайтиришга қўшган катта ҳиссаси учун "ФАХРИЙ ЁРЛИҚ" билан тақдирланди.
Неъматилла Эшқобилов 1982 йилда Қашқадарё вилояти, Яккабоғ туманида туғилган. Меҳнат фаолиятини Олимпия захиралар спорт коллежида бокс мураббийи сифатида бошлаган. Шундан сўнг, Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида ижтимоий ҳимоя мутахассиси, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати Қашқадарё вилояти кенгашида тадбиркорлик фаолиятини мувофиқлаштирувчи катта координатор лавозимларида фаолият юритган.
2014 йилдан буён "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Касаба уюшма қўмитасида Жамоа шартномаси бажарилишини назорат қилувчи йўриқчи сифатида ишлаб келмоқда.
Неъматилла Абдиҳалимович узоқ йиллик самарали меҳнат фаолияти давомида меҳнатсеварлиги, масъулияти ва камтарлиги билан жамоа орасида катта ҳурмат қозонган. У етук мутахассис, кўплаб шогирдлар етиштирган тажрибали устоз ҳисобланади.
Ушбу юксак мукофот билан мажмуа маъмурияти ва кўп минг сонли ишчи-ходимлар номидан Неъматилла Абдиҳалимовични чин қалбдан табриклаймиз ҳамда келгуси фаолиятида улкан муваффақиятлар тилаймиз!