Шўртан газ кимё мажмуасида "Раҳбар ва ёшлар" учрашуви бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 21 январь куни "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда мажмуа Ёшлар бошланғич ташкилотининг ҳисобот-сайлов йиғилиши ҳамда "Атроф-муҳитни асраш ва "Яшил" иқтисодиёт йили"га оид давлат дастури доирасида ёшлар билан 2025 йилда амалга оширилиши режалаштирилган ишларга бағишланган "Раҳбар ва ёшлар" учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбирда мажмуа раҳбарияти, ШГКМ Касаба уюшма қўмитаси вакиллари, ШГКМ Ёшлар бошланғич ташкилоти етакчилари, ШГКМ Хотин-қизлар бошланғич ташкилоти етакчилари, ШГКМ Магистрлар клуби аъзоларидан иборат делегатлар ва мажмуа ёшлари иштирок этишди.
Дастлаб, ШГКМ Ёшлар БТ томонидан 2024 йил давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Шунингдек, сўнги йиллар давомида мажмуада ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасидаги олиб борилган ислоҳотлар, яратилган шарт-шароитлар, ёшлар томонидан қайд этилган ижобий натижалар ва эришилган ютуқлар ҳақида сўз борди.
Тадбир иштирокчилари томонидан 2024 йилда ШГКМ Ёшлар БТ томонидан амалга оширилган ишлар ва Шўртан газ кимё мажмуасида Ёшларга оид давлат сиёсатига оид белгиланган вазифаларнинг бажарилиши ижобий баҳоланди.
Шундан сўнг, ШГКМ Ёшлар бошланғич ташкилотига 2025 йил учун янги етакчи сайлаб олиш учун очиқ овоз бериш йўли билан сайлов жараёни ташкил этилди.
Сайлов натижаларига кўра, ШГКМ Ёшлар БТнинг "Устоз-шогирд" анъанасини мувофиқлаштирувчи координатори Улашов Муҳаммад Олим ўғли бир овоздан ШГКМ Ёшлар БТ янги етакчиси этиб сайланди.
Шунингдек, тадбир давомида ШГКМ Ёшлар БТнинг 2025 йил учун тузилган дастури тақдимот қилинди ва кенг муҳокамага қўйилди. Тадбир иштирокчилари ушбу дастур муҳокамасида фаол иштирок этиб, дастурга "Атроф-муҳитни асраш ва "Яшил" иқтисодиёт йили"га оид давлат дастурига асосан қўшимча ўзгартиришлар киритиш тўғрисида фикр мулоҳазаларини билдиришди.
Шундан сўнг, мажмуа Бош директори Шухрат Асланов ва мажмуа ёшлари ўртасида "Раҳбар ва ёшлар" учрашувига старт берилди.
Учрашувда мажмуа Бош директори Ш.Асланов ҳозирда юртимизда ёшларга қаратилаётган эътибор ва уларга яратилаётган шарт-шароитлар, шу жумладан мажмуада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, қурилиш-бунёдкорлик ишлари, келгусидаги режа ва мақсадлар, шунингдек, бу борада ёшларнинг ўрни ҳамда уларга билдирилаётган ишонч ва улардан кутилаётган натижалар хусусида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, ёшлар томонидан берилган таклиф ва саволларга мажмуа раҳбари томонидан батафсил жавоблар берилди ва келиб тушган таклифларни амалга ошириш борасида масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Учрашув якунида ёшлар ўзларининг таклифлари инобатга олиниши ва қўллаб-қувватланиши бўйича раҳбариятга миннатдорчилик билдиришди.
Бу каби тадбирлар ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларни рағбатлантириш ва уларнинг келгуси режалари учун мустаҳкам замин яратишда муҳим аҳамият касб этади ва ёшларнинг ташаббускорлиги ҳамда келажакка бўлган ишончини мустаҳкамлаши шубҳасиздир.