January 24

Мажмуанинг фидойи ходимларидан бири нафақага кузатилди

2025 йил 23 январь куни "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда ўз ҳаётини саноат тараққиётига бағишлаган, тажрибаси ва фидокорона меҳнати билан мажмуа ривожига улкан ҳисса қўшган Турдиқулов Нурилла Ахмадовични нафақага кузатиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда мажмуа раҳбарияти ва Нурилла Ахмадович билан ўзоқ йиллар давомида бирга меҳнат қилган ҳамкасблари ҳамда шогирдлари иштирок этишди.

Тадбир давомида Нурилла Ахмадовичнинг меҳнат билан йўғрилган ибратли ҳаёт йўли ва унинг ўзоқ йиллик меҳнат фаолиятидаги ютуқлари ҳақида илиқ фикрлар билдирилди. Нурилла Ахмадовичнинг ҳалол ва масъулиятли меҳнати ёш авлод учун ҳақиқий намуна сифатида эътироф этилди.

Нурилла Ахмадович 1962 йил 20 мартда Қашқадарё вилояти, Ғузор туманида туғилган. 1986 йилда Тошкент Политехника (Ҳозирги Ислом Каримов номидаги Тошкент Давлат Техника Университети) институтини тамомлаб, Саноат иссиқлик энергетикаси йўналишида юқори малакали мутахассис сифатида етишди.

Шўртан газ кимё мажмуасидаги меҳнат фаолиятини 2001 йилда Буғ газ ҳаво таъминоти цехи бошлиғи сифатида бошлаб, цех жамоаси билан кўплаб муваффақиятли лойиҳалар устида ишлаб, ижобий натижаларга эришди. Кейинчалик, 2022 йилдан Техника-технология хизматининг етакчи муҳандис-технологи, 2024 йилдан эса Персонални бошқариш хизмати қошидаги ўқув марказида етакчи мутахассис сифатида ишлаб, ўз билим ва тажрибасини ёш авлодларга улашди.

Шўртан газ кимё мажмуаси раҳбарияти ва кўп минг сонли меҳнат жамоаси номидан Турдиқулов Нурилла Ахмадовичга чин дилдан ташаккур изҳор қиламиз. Нафақадаги йилларингиз ҳам мўътабар ва мазмунли бўлишига, оила даврасида хотиржам ва бахтли кунлар кечиришингизга тилакдошмиз.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|