January 31

Ғузор туманида "Илдам ривожланувчи инновацион саноат зонаси"ни ташкил этиш концепцияси муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 29 январь куни "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда “Ernst&Young Adistory” консалтинг компанияси ҳамда Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Саноатни ривожлантириш лойиҳа офиси ходимлари иштирокида муҳим учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида Ғузор туманида Шўртан газ кимё мажмуасига туташ ҳудудда қурилиши режалаштирилаётган “Илдам ривожланувчи инновацион саноат зонаси”ни ташкил этиш концепцияси муҳокама қилинди.

Тадбирда иштирокчилар саноат зонасини ташкил этиш учун мавжуд ер майдонларининг ҳолати, инфратузилмавий имкониятлар ва энергия ресурсларининг қуввати ҳақида, шунингдек, газни чуқур қайта ишлашга мўлжалланган истиқболли инвестицион лойиҳалар ва уларни амалга ошириш механизмлари ҳақида фикр алмашилди.

Муҳокамалар жараёнида “Илдам ривожланувчи инновацион саноат зонаси”нинг стратегик аҳамияти, унинг ривожланиши ҳудудда янги иш ўринлари яратилишига, ишлаб чиқариш қувватларининг ошишига ва саноат салоҳиятининг юксалишига хизмат қилиши таъкидлаб ўтилди.

Йиғилиш якунида иштирокчилар инновацион саноат зонасини ташкил этиш бўйича ҳамкорликни давом эттириш ва белгиланган режаларни босқичма-босқич амалга ошириш бўйича келишиб олдилар.

Бу лойиҳа нафақат Қашқадарё вилояти, балки бутун мамлакат саноати учун муҳим қадам бўлиб, Ўзбекистоннинг индустриал салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|