"Шўртан ГКМ" МЧЖда «Долзарб 30 кун» тадбирлари ўтказилмоқда
Хабарингиз бор, июль ойида республикамиз миқёсида Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича “Долзарб 30 кун” тадбирларига старт берилган. Ойлик доирасида "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ объектларида ҳам қатор тадбирлар ташкил этилмоқда.
Мазкур ойлик учун ишлаб чиқилган тадбирлар-режасига асосан Қашқадарё вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг масъуллари ёрдамида мажмуа муҳандис-техник ходимлари, ҳарбийлашган ёнғиндан сақлаш хизмати ва газдан қутқарув хизматлари ходимлари ўртасида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича “Долзарб 30 кун” тадбирларининг мақсад ва моҳияти юзасидан тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда.
Тадбирлар давомида, мажмуада меҳнат муҳофазаси, хавфсизлик техникаси, саноат, ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этилиши, объектларни бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан таъминланиши, автоматик ёнғин ўчириш ва ёнғиндан автоматик дарак бериш тизим ва мосламалари, сиғимларни сув билан совитиш ва кўпик билан ўчириш қурилмалари, ёнғинга қарши сув таъминоти тизимлари (сув ҳовузлари, гидрант, гидромонитор, барча турдаги (сувли, кўпикли, кукунли, углекислотали) ўт ўчириш тизимлари, қуруқ қувурлар, ички ўт ўчириш жўмраклари, мотопомпалар, қуруқ ва ҳўл қудуқлар ва ҳоказо), ўт ўчириш воситаларининг бутлиги ва доимий созлиги навбатдан ташқари текширувдан ўтказилмоқда.
Шунингдек, ёнғин хавфини олдини олиш мақсадида суюлтирилган газ маҳсулотларини сақлаш учун мўлжалланган идишларни тасдиқланган график асосида мунтазам равишда махсус ускуналар ёрдамида совитиб турилиши йўлга қўйилган.
Бундан ташқари, “Долзарб 30 кун” тадбирлари доирасида мажмуада табиий ва техноген тусдаги юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни бартараф этиш, инсон ҳаётига хавф туғдириши мумкин бўлган ҳолатларни бартараф этиш ва бошқа шошилинч ишларни аниқлаш, ташкиллаштириш ҳамда амалга ошириш ишларини текшириш мақсадида тактик-амалий ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 10 июль куни, мажмуага қарашли Этилен ишлаб чиқариш цехидаги газларни ажратиш қурилмасида фавқулодда вазиятлар бўйича тактик-амалий ўқув машғулоти бўлиб ўтди.
Амалий машғулотлар давомида ихтисослашган хизмат ходимлари ва мажмуа ишчи-хизматчиларидан иборат қутқарувчиларга шартли равишда юзага келган ёнғинни бартараф этиш вазифаси топширилди.
Дастлаб фавқулодда ҳолат ҳақида барча тезкор хизматларга хабар бериш ва огоҳлантириш сигнали чалинди.
Шундан сўнг, содир бўлган шартли табиий ва техноген вазиятни бартараф этиш учун жалб қилинадиган куч-воситаларини тўғри йўналтириш, жабрланганларни хавфсиз ҳудудга олиб чиқиш ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмалари синовдан ўтказилди.