Мажмуада маҳаллийлаштириш ва кооперацион алоқаларни кенгайтириш ишлари жадал олиб борилмоқда
“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда маҳаллийлаштириш ва кооперация алоқаларини кенгайтириш борасида сўнгги йилларда бир қатор самарали ишлар олиб борилаётган бўлиб, жумладан 2021 йилнинг июнь ойида мажмуада Маҳаллийлаштириш ва кооперация алоқаларини кенгайтириш бўйича алоҳида бўлим ташкил этилди. Ушбу бўлим фаолиятининг асосий мақсади мажмуа ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар ўртасида кооперацион алоқаларни кенгайтириш ва импорт орқали харид қилинаётган моддий техник ресурслар ўрнини босувчи маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар маҳсулотларини ишлаб чиқаришга жалб этиш ва бу каби корхоналар билан ҳамкорликни изчил давом эттиришдир.
Бўлим мутахассислари томонидан республика миқёсида фаолият юритаётган маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолияти ўрганиб чиқилиб, ишлаб чиқариш фаолиятида фойдаланишни татбиқ этиш мақсадида, ўрганилган корхона ва ташкилотларнинг моддий техник ресурсларидан мажмуага турли хилдаги намуналар олиб келинмоқда. Ушбу маҳсулот намуналари ишлаб чиқаришда синовдан ўтказилиб, мутахассисларнинг ижобий хулосасидан сўнг тегишли тартибда хариди амалга оширилмоқда.
Бугунги кунга қадар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар саналган “SDK Group AND” МChJдан мой ва ҳаво фильтрлари, “Dizel Detall Savdo” XКдан армирланган шланглар, “KARMANA GOLD MINE” MChJдан цилиндрсимон ҳаво фильтрлари, “Автотракторрадиатор” QКдан иссиқлик алмашиниш қурилмаси, “ENERGY PROGRESS МЕТАLL” МChJдан иссиқлик алмашиниш қурилмалари синов учун келтирилди ва синовдан муваффақиятли ўтди.
Бўлим мутахассисларининг самарали фаолияти натижасида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб–қувватлаш билан бир қаторда, мажмуада иқтисодий самарадорликка эришилмоқда ва шу орқали мутахассисларимиз мамлакат иқтисодиётида валюта тежалишига ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда.
Жумладан, мажмуа томонидан 2022 йилда йиллик буюртмага асосан 23,512 млн. АҚШ долларига тенг қийматда импорт моддий техник ресурсларни харид қилиш режалаштирилган бўлса, бўлим мутахассисларининг тинимсиз изланишлари натижасида, жамиятимиз томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан зарур материал техник ресурслар хариди амалга оширилиб, умумий қиймати 391,9 минг АҚШ долларига тенг қийматда корхона валюта маблағлари иқтисод қилиб қолинди ва импорт маҳсулотлар хариди қисқартирилишига эришилди ҳамда корхона 2 млрд сўмдан ортиқ соф фойдага эришди.
Йил давомида умумий қиймати 23,88 млрд. сўм (74,8%) бўлган ишлаб чиқарилган маҳсулотлар реализация қилиниши натижасида мажмуамизга иқтисодий даромад олиб келинишига эришилди.
Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 24 январдаги “Республикада ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва саноат кооперациясини кенгайтиришнинг самарали тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПҚ-99-сонли қарорида “Шўртан ГКМ” МЧЖ зиммасига маҳаллийлаштириш дастури доирасида 3 та лойиҳани амалга ошириш юклатилган бўлиб, улар қуйидагилардир:
- Диаметри 50 мм дан 250 мм гача бўлган сув таъминоти учун полиэтилендан тайёрланган босим қувурлари (SDR 11, 1 МПа) ишлаб чиқариш;
- Диаметри 32 мм дан 110 мм гача бўлган газ ва сув таъминоти учун полиэтилен қувурлар (SDR 11, 1 МПа) ишлаб чиқариш;
- Томчилатиб суғориш тизими (пахтачилик, боғдорчилик, узумзорлар, иссиқхоналар) полимер қисмларини ишлаб чиқариш
Маҳаллийлаштириш ва кооперация алоқаларини кенгайтириш бўлими мутахассислари олдига қўйилган яна бир муҳим вазифалардан бири xалқаро ва ҳудудий саноат кўргазмаларида фаол иштирок этиш, корхона имиджини ошириш ҳамда инновацион илғор технологиялар билан яқиндан танишиб, келажакда ушбу технологияларни мажмуада жорий этишдан иборатдир. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 26.03.2022 йилдаги “2022 йилда ҳудудий ва республика тармоқлараро саноат ярмаркаларини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 134-сонли қарори, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 17.11.2021 йилдаги 02-РА-1/1-1782-сон топшириқлари ва “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 24.10.2022 йилдаги “Республика тармоқлараро саноат ярмаркалари”ни ўтказиш тўғрисидаги 475-сонли буйруғига асосан мажмуа раҳбарияти томонидан Маҳаллийлаштириш ва кооперация алоқаларини кенгайтириш бўлими ходимларининг:
- 09-10 июнь кунлари Фарғона шаҳрида;
- 25-26 август кунлари Нукус шаҳрида;
- 22-23 сентябрь кунлари Бухоро шаҳрида;
- 06-08 октябрь кунлари Қарши шаҳрида;
- 14-18 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган тармоқлараро саноат ярмаркаларида фаол ва муносиб иштироклари таъминлаб берилди.
Мазкур ярмаркалар доирасида, Жамиятимиз эҳтиёжлари учун импортдан харид қилинаётган маҳсулотларни маҳаллийлаштириш ва саноат кооперациясини йўлга қўйиш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантириш мақсадида, "Шўртан ГКМ" МЧЖ ва маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар ўртасида жами 74 та икки томонлама меморандумлар имзоланди ҳамда улар бўйича “Йўл харита”лари расмийлаштирилди. Шундан, Тошкент шаҳрида имзоланган меморандумлар бўйича маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан амалга ошириладиган лойиҳаларнинг дастлабки миқдори 9,975 млрд. сўмни ташкил этганлиги алоҳида аҳамият касб этади.
Бугунги тахминий ҳисоб-китобларга кўра, маҳаллийлаштириш ва кооперация алоқаларини кенгайтириш бўлими томонидан 2023 йилда бажарилиши режалаштирилаётган ишларни амалга ошириш натижасида, яъни импортдан ҳарид қилиниши режалаштирилаётган моддий техник ресурсларни ички маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан харид қилиниши ҳисобига 390,0 минг АҚШ долларига тенг қийматда корхона валюта маблағлари тежалиши ва маҳаллий ишлаб чиқариш корхоналаридан харидларни амалга ошириш ҳисобига ~2,0 млрд сўмга тенг миқдорида корхона соф фойдага эришиши режалаштирилмоқда.