July 29

“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ Қиёслаш лабораторияси модернизация қилинди

“Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ Метрология хизматига қарашли Қиёслаш лабораторияси Россия Федерациясини “Метрол” компаниясининг замонавий лаборатория стендлари ва илғор технологик ускуналари билан тўлиқ янгиланди. Мазкур ташаббус лабораторияда олиб борилаётган қиёслов ишларининг аниқлиги, сифати ва бажарилиш тезлигини сезиларли даражада оширишга хизмат қилмоқда.

O'ZAK.QL.0053 давлат реестр рақами билан аккредитациядан ўтган Қиёслаш лабораторияси бугунги кунда ўз аккредитация доирасида 15 та йўналиш бўйича фаолият юритиб келмоқда. Сўнгги йилларда лабораториянинг техник имкониятларини ошириш ва уни халқаро талабларга мослаштириш мақсадида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, “Метрол” компаниясининг замонавий ўлчов ва назорат-ускуналари орқали мажмуа Қиёслаш лабораториясининг моддий-техник базаси мустаҳкамлади. Шу билан бирга, ушбу компаниянинг малакали мутахассислари иштирокида мажмуа Қиёслов лабораториясида махсус ўқув-амалий семинарлар ташкил этилди.

Ушбу ўқув жараёнларида муҳандис-техник ходимлар янги ускуналар билан ишлаш, уларни созлаш, техник хизмат кўрсатиш ҳамда юқори аниқликдаги қиёслаш ишларини амалга ошириш бўйича чуқур билим ва амалий кўникмаларга эга бўлишди.

Янги жиҳозларнинг жорий этилиши нафақат лабораториядаги ўлчаш воситаларининг аниқлиги ва ишончлилигини таъминлади, балки қиёслаш хизматларининг замонавий стандартларга мувофиқлигини таъминлаб, мижозларга кўрсатилаётган хизматлар сифатига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Мазкур модернизация натижасида “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ Қиёслаш лабораторияси ҳудудий саноат корхоналари ҳамда техник хизмат кўрсатувчи ташкилотларга юқори даражадаги метрологик хизматлар кўрсатмоқда.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|