September 24

“Раҳбар ва ёшлар” учрашуви

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг Нефть ва газ факультети фаоллар залида “Раҳбар ва ёшлар” учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти ректори Орифжон Бозоров, “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖ Бош директори Шухрат Асланов, мажмуанинг малакали муҳандис-техник ходимлари ҳамда талаба-ёшлар иштирок этдилар.

Тадбир институт ректори Орифжон Бозоровнинг кириш сўзи билан очиб берилди. Унда Орифжон Бозоров мажмуа ва институт ўртасида йўлга қўйилган узоқ йиллик ҳамкорлик ҳақида қисқача тўхталиб, учрашув қатнашчилари ва талабаларга ушбу ҳамкорликнинг амалий аҳамияти ва истиқболлари ҳақида гапириб ўтди.

Шундан сўнг тадбирнинг асосий қисми "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Бош директори ва талаба ёшлар ўртасидаги очиқ мулоқот билан давом этди.

Мулоқот давомида жорий йилнинг 20 июнь куни Президентимиз раислигида муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш ва олий таълим муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар моҳияти ҳақида сўз борди.

Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш борасида институт ва Шўртан газ кимё мажмуаси ҳамкорлигида муҳим лойиҳалар амалга оширилаётганлиги алоҳида таъкидланди. Хусусан, ҳамкорликдаги илғор муҳандислик мактабининг ташкил этилиши ва бу орқали дуал таълимни йўлга қўйиш, нафақат таълим сифатига, балки мамлакатимиздаги саноат соҳасининг ривожига ҳам катта ҳисса қўшади.

Шунингдек, тадбирда айни кунларда институтнинг 4-курс талабалари учун Шўртан газ кимё мажмуасининг стипендия дастури асосида бўлиб ўтаётган синов имтиҳонларида иштирок этаётган талабаларга омад тиланди.

Учрашув давомида, талабаларнинг таклиф-мулоҳазалари эшитилди ва улар томонидан берилган саволларга батафсил жавоблар берилди.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|