December 6, 2023

“ЯНГИЛАНГАН КОНСТИТУЦИЯМИЗ ИҚТИСОДИЙ ТАРАҚҚИЁТ ВА ФАРОВОН ҲАЁТ АСОСИ”

2023 йил 6 декабрь куни "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ ва O`zLiDeP Қашқадарё вилояти Сиёсий Кенгаши ҳамда Қарши давлат университети фалсафа ва социология кафедраси ҳамкорлигида мажмуа фаоллар залида 8 декабрь - Ўзбекистон Республикаси конституцияси куни муносабати билан "Конституцияни янгилаш зарурати ва халқ конституциясининг асосий мазмун-моҳияти" мавзусида, шунингдек, 9 декабрь - Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни, 10 декабрь - Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси қабул қилинган кун ҳамда 25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш кунига бағишланган “Зўравонликка қарши 16 кун” туркумидаги тадбирлар доирасида “Биз зўравонликка қаршимиз!” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтади.

Тадбирда сўз олган O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари, аппарат раҳбари Арзиқул Шеров, раис ўринбосари, ҚДУ Фалсафа ва социология кафедраси доценти, фалсафа фанлари номзоди Тоҳир Қурбонов, мажмуа Бош директорининг иқтисод ва молия бўйича ўринбосари Ж.Халимов, мажмуа хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Д.Осимова ва бошқалар Бош Қомусимизда мустаҳкамланган устувор принципларни Янги Ўзбекистон улуғвор ғоясига ҳамоҳанг тарзда рўёбга чиқариш, давлат органларининг фаолиятини янгича конституциявий-ҳуқуқий шароитларда йўлга қўйиш, фуқаролар ўз ҳаётида халқ Конституцияси руҳини яққол ҳис этиб туришини таъминлаш мақсадига қаратилган улуғ ишлар ҳаётга татбиқ этилаётганлигини эътироф этишди.

-Янгиланган Конституциямизда инсон қадр-қимматига ҳурмат, камситишга йўл қўймасликни амалда таъминлашга қаратилган меъёрлар кенгайтирилди, - деди O’zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши раисининг мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари Тоҳир Қурбонов. – Конституциянинг амалда бажарилиши бўйича нафақат давлат органлари, балки фуқаролик жамияти вакиллари, халқаро ташкилотлар билан узвий ҳамкорликка эътибор қаратилаётгани, очиқлик, инклюзивлик тамойиллари устуворлигининг асосидир. Янги таҳрирдаги Конституциямизда дунёвий давлат принципини рўёбга чиқариш, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлатни барпо этиш механизмлари мустаҳкамланиб, ҳар бир инсон учун фаровон турмуш даражаси, хусусан сифатли таълим, кафолатли тиббий хизмат, муносиб меҳнат шароити ва адолатли иш ҳақи, пенсия ва нафақалар, ижтимоий ёрдам ва хизматлар тизимини таъминлаш ўз ифодасини топган. Юртбошимиз таъбири билан айтганда: “Янгиланган Конституциямизда ислоҳотларимизнинг узвийлиги ва давомийлигини таъминлаш мақсадида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойил асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибида қўйилди. Биз бундан буён фаолиятимизни “инсон – жамият – давлат” деган янги тамойил асосида ташкил этамиз.

Давра суҳбатида сўз олганлар томонидан, мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашишнинг илғор халқаро стандартларга асосланган тизимини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар борасида тўхталиб ўтилди. Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтириш ўта долзарб масала эканлигини гарчи уни бажариш доирасида масъул идоралар белгиланган бўлсада, унинг тўлақонли рўёбга чиқиши учун ҳар бир фуқаро ўзида масъулият ҳис этса, қўйилган мақсад ва муддаолар ечими пайдо бўлишини таъкидлашди.

Шунингдек, тадбирда давлатимиз мадҳиясининг яратилиш тарихи ва муаллифлари ҳақида тингловчиларга тўлиқ маълумот берилди. Мадҳияда халқимизнинг эзгу орзу-умидлари, келажакка мустаҳкам ишончи теран ифодалангани. Унда мардона ва шарафларга бой ўтмишимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик, осойишталик, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғулар тараннум этилгани алоҳида эътироф этилди.

Бундан ташқари, тадбир давомида 25 ноябрь – Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш кунига бағишланган “Биз зўравонликка қаршимиз!” мавзусида, мамлакатимизда аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, гендер тенгликнинг қонуний асослари, аёлларга қилинаётган ғайриинсоний хатти-ҳаракатларнинг сабаблари ва оқибатлари соҳа мутахассисларнинг бу йўналишдаги таклифлари ва кутилаётган ечимларга атрофлича тўхталиб ўтилди.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|