"Шўртан ГКМ" МЧЖда Аксилкоррупция ойлиги доирасида “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди
“Шўртан ГКМ” МЧЖда ишчи-ходимларни огоҳликка даъват этиш, улар ўртасида фирибгарлик, кибержиноят, коррупция каби жиноят турларни келиб чиқишини олдини олиш ҳамда "9 декабрь - Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни"га бағишланган Аксилкоррупция ойлиги доирасида “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди.
Тадбирда мажмуа Бош директорининг иқтисод ва молия бўйича ўринбосари Ж.Халимов, Ғузор тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Б.Бозоров, Ғузор тумани прокурори ўринбосари О.Очилов, "Ўзбекнефтгаз" АЖ молиявий ва комплаенс назорат департаменти комплаенс назорат бўлими ҳудудлар билан ишлаш гуруҳи "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ бўйича бош комплаенс инспектори А.Шарипов, мажмуа Касаба уюшма қўмитаси раиси А.Туракулов ва бошқа мутасадди ходимлар иштирок этишди.
Дастлаб, мажмуа Бош директорининг иқтисод ва молия бўйича ўринбосари Ж.Халимов тадбирни очиб бериб, "Очиқ эшиклар кунига" ташриф буюрган меҳмонларни йиғилганларга таништириб ўтди. Шунингдек, мажмуада коррупцияга қарши интизомни мустаҳкамлаш, коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш, бизнес жараёнларни рақамлаштириш орқали оптималлаштириш, меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Учрашувда меҳмон сифатида таклиф этилган Ғузор тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Б.Бозоров ва Ғузор тумани прокурори ўринбосари О.Очилов томонидан мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашишнинг илғор халқаро стандартларга асосланган тизимини жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар борасида қисқача тўхталиб ўтиб, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтириш ўта долзарб масала эканлигини, гарчи уни бажариш доирасида масъул идоралар белгиланган бўлсада, унинг тўлақонли рўёбга чиқиши учун ҳар бир фуқаро ўзида масъулият ҳис этса, қўйилган мақсад ва муддаолар ечими пайдо бўлишини таъкидлашди.
Шунингдек, Ғузор тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари, подполковник Б.Бозоров 2023 йилнинг ўтган 10 ойи мобайнида Ғузор тумани кесимида содир бўлган турли ҳуқуқбузарликларнинг ҳолати таҳлилини йиғилганларга баён қилиб, сўнгги йилларда фуқаролар ўртасида кибержиноятнинг авж олиши муносабати билан Мажмуа ходимларини турли ижтимоий тармоқлар орқали келувчи сохта хабарларга ҳушёр бўлишларига чақирди.
Тадбир давомида мажмуа ишчи-ходимлари томонидан берилган саволларга жавоблар берилди.
Тадбир сўнггида йиғилганларга Ғузор ИИБ томонидан тақдим этилган "Фирибгарлик жиноятини содир этиш", "Киберхавфсизлик", "Коррупцияга қарши курашиш" каби мавзуларга бағишланган видеолавҳалар намойиш этилди.