January 25, 2023

ТЕМИР ЙЎЛ ТРАНСПОРТИ ХИЗМАТИ

Шўртан газ кимё мажмуасининг кенг қамровли фаолиятида ва ишлаб чиқаришда бажарадиган вазифаларига кўра таркибида кўпгина цех, хизмат, бўлим ва тармоқлар мавжуд. Мажмуа фаолиятида ишлаб чиқарилаётган тайёр ва ярим тайёр маҳсулотларни ҳар хил турдаги (фитинг платформа, вагон цистерна, ёпиқ турдаги) вагонларга юклаш муҳим жараёнлардан биридир. Ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ўз вақтида мижозларга сифатли ҳолатда етказиб бериш, шунингдек мажмуага темир йўл орқали келтирилган товарларни келтирилишида темир йўл транспорти хизматнинг ўрни беқиёсдир.

Ушбу хизмат 2000 йилда ташкил қилинган бўлиб, дастлабки йилларда мажмуа қурилиши учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ва қурилмаларни келтирилишида асосий транспорт воситаси бўлиб хизмат қилган. Хизматда ҳозирги кунда жами 48 нафар ишчи-хизматчилар фаолият олиб бормоқдалар.

Шу ўринда темир йўллар тарихига бир назар солсак, илк паравоз Буюк Британияда 1829 йили Ж.Стефенсон томонидан яратилган. Орадан кўп вақт ўтмасдан ушбу кашфиёт оммалашиб, кенг фойдаланила бошланди. Мамлакатимизга ҳам унинг кириб келиши ХIХ аср охирларига тўғри келади.

Мамлакатимиз мустақилликга эришгач, орадан узоқ вақт ўтмасдан яни 1994 йилнинг 7 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-982 сонли фармонига асосан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган темир йўл транспорти тармоқ қисмларнинг, корхона, ташкилот ва муассасалари таркибида «Ўзбекистон темир йўллари» давлат-акциядорлик темир йўл компанияси ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 24 апрелдаги ПҚ-4720 сонли қарорини ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда 2015 йил 3 апрелдаги компания Кенгаши ва ягона акционер умумий йиғилишида «Ўзбекистон темир йўллари» Давлат акционерлик темир йўл компанияси «Ўзбекистон темир йўллари» Акциядорлик Жамиятига ўзгартирилди. Айни пайтда ҳам Акциядорлик Жамияти шаклида ўз фаолиятини давом эттирмоқда.

Ўзбекистонда мавжуд бўлган транспорт турлари орасида етакчи ва муҳим ўринни темир йўллар эгаллайди. Темир йўл транспортининг бошқа транспорт турларига нисбатан яна бир афзаллиги атроф-муҳитга кам зарар етказади, унинг юк ва йўловчилар ташиш қобилияти жуда юқори бўлиб, об-ҳавонинг ноқулайликларига қарамай мунтазам равишда ҳаракатда бўлади.

Маълумки, газ ва уни чуқур қайта ишлаш ёрдамида ҳосил қилинган хомашёни керакли манзилга етказиб беришда асосан транспорт хизматидан фойдаланилади. Манзил эса, газни қазиб олиш ёки қайта ишлаш жойидан уни истеъмолчиларга етказиб беришгача бўлган масофани ўз ичига олади. Бугунги кунда ушбу жараён, темир йўл, денгиз, дарё ва автомобиль йўллар орқали ўтувчи транспорт воситаларидан фойдаланиш орқали амалга оширилмоқда. Етказиб бериш усулини танлаш, икки томоннинг ўзаро келишувига асосан маҳсулот ҳажмини ва турни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.

Ҳозирда газни чуқур қайта ишлаш орқали ҳосил қилинадиган маҳсулотлар, ҳаётимизнинг ажралмас бир қисмига айланиб улгурган. Ушбуларсиз ҳаётни тасаввур қилишнинг иложи йўқ. Бу турдаги тайёр ва ярим тайёр хомашёларни ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида учратишимиз мумкин. Сўнгги ўн беш йилликда нефтигаз саноати ва газни чуқур қайта ишлашга бўлган талаб жуда тез ривожланиб бормоқда. Саноатнинг бу турини ривожлантириш 150 йиллик тарихга эга темир йўллари хизмати орқали амалга оширилади.

20 йиллик ўзига хос тарихга эга Темир йўл транспорти билан таъминлаш хизматининг мажмуамиздаги фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, анчайин тажриба тўплаб улгурганига гувоҳ бўламиз. Айни пайтда жамоада турли лавозимлардаги 48 та ишчи-ходим меҳнат қилиб келмоқда. Ундаги мавжуд моддий техника таъминоти тўғрисида тўхталадиган бўлсак:

Темир йўл транспорти хизмати хизмат кўрсатиш учун махсус лицензияга эга бўлиб,5 та кичик хўжаликлардан ташкил топган:

1. Йўл хўжалиги

2. Локомотив хўжалиги

3. Вагон хўжалиги

4. Марказлашган ҳимоя хабарчиси ва алоқа хўжалиги

5. Ташишни ташкиллаштириш ва бошқариш хўжалиги

2 дона манёвр тепловози (ТЭМ18ДМ-3172 – 2017 йил ишлаб чиқарилган, ТЭМ2-1933 – 1975 йил ишлаб чиқарилган);

96 дона суюлтирилган газ маҳсулотини ташиш учун вагон цистерна;

1 дона кислота маҳсулотини ташиш учун кислотовоз вагон цистерна;

10 дона фитинг платформа;

186 дона фитинг контейнерга эга бўлган катта бир тузилма шаклланганига гувоҳ бўламиз.

Хизматнинг ўтган 2022 йил давомидаги фаолияти сарҳисобига қисқача назар ташласак, ТЭМ18ДМ – 3172 Манёвр тепловоз 2022 йил мобайнида Қарши локомотив депосида 4 марта режали таъмирланганига, худди шу тепловоз бир марта режали таъмирланганини кўришимиз мумкин. ТЭМ2 – 1933 Манёвр тепловоз эса, 2022 йил мобайнида Қарши локомотив депосида бир марта режали таъмирланган бўлса, бир марта жорий таъмирланди. Ўтган йил мобайнида Қарши вагон депосида 46 дона вагон цистерналар капитал таъмирланди. Шунингдек, Қарши вагон депосида 16 дона вагон цистерналар депо ҳажмда таъмирланди. Вагон цистерналарни бўёқлаш бўйича ўтган йил давоимида 35 дона вагон цистерна тўлиқ бўёқланди.

“Иш қуролинг соз бўлса машаққатинг оз бўлур” нақлига амал қилган хизмат раҳбарияти ва унда ишловчи 48 нафар ишчи-ходим шу йил якунларига кўра:

105 698,460 тн – Суюлтирилган газ –

99 323, 760 тн – Газ конденсати

4 911,590 тн – Гранула

260,00 тн – Сера

990,26 тн – Хим.реагентларни белгиланган манзилларига етказиб бердилар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мажмуа фаолиятининг ажралмас асосий қисмидан бири ҳисобланган Темир йўл транспорти билан таъминлаш хизмати йил якунларига кўра ўзига белгилаб олган чора-тадбирлар режасини кўзлаган мақсадлари даражасида уддалади.