"Шўртан ГКМ" МЧЖда давлат рамзларига бағишлаб байрам тадбири ташкил этилди
Шўртан газ кимё мажмуасида 8 декабрь - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кунга бағишлаб "Менинг Конституциям 32 ёшда" деб номланган ҳамда 10 декабрь – Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси қабул қилинган кунга бағишланган байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда мажмуа раҳбарияти, маданият соҳаси ва ОАВ вакиллари ҳамда корхона ишчи-ходимлари иштирок этишди.
Тадбир давомида сўз олганлар, тадбир иштирокчиларини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 32 йиллиги байрами ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси қабул қилинган кун билан самимий ва қизғин муборакбод этишди.
Шунингдек, мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрами "Конституция – эркин ва фаровон ҳаёт гарови!" деган бош ғоя асосида кенг нишонланаётганлиги таъкидланиб, Янги Ўзбекистон ҳаётининг турли соҳаларида изчил давом этаётган кенг кўламли ва шиддатли ислоҳотлар натижаларини мустаҳкамлашда янги таҳрирдаги Конституциямизнинг ўрни ва аҳамияти беқиёслиги алоҳида эътироф этилди.
Шундан сўнг, “Муқаддасдир Ватан байроғи” шиори остида концерт дастури бўлиб ўтди. Унда Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги республика аския ва қизиқчилик санъати марказининг актёрлари ижросида саҳна кўринишлар намойиш этилиб, дилтортар наволар, куй-қўшиқлар янгради. Айниқса, хушовоз хонандалар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар томошабинларга янада ҳуш кайфият улашди.
Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтиш жоизки, мажмуа маъмурияти, Касаба уюшма қўмитаси, ШГКМ Ёшлар ҳамда ШГКМ Хотин-қизлар бошланғич ташкилотлари ҳамкорлигида мажмуа ишчи-ходимлари иштирокида йил давомида давлат рамзларига бағишлаб давра суҳбатлари, концерт дастурлари, иншо ва диктант ҳамда челленж танловлари ўтказилиб, фаол қатнашган иштирокчилар муносиб тақдирландилар.