Шўртан газ кимё мажмуасида таъмирлаш жараёнларига янгича ёндaшув
Ҳар бир соҳанинг ривожи ва унинг келгусидаги истиқболи, жараёнга жалб этилган ишчи кучи салоҳияти, техника-технологияларнинг имконияти ва улардан тўғри фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ишларга боғлиқдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 сентябрдаги “Аҳоли ва иқтисодиётни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш, нефть-газ тармоғини молиявий соғломлаштириш ва унинг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4388-сонли қарори ва “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг 2020 йил 16 октябрдаги 72-сонли бошқарув қарори асосида "Шуртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда ташкил қилинган Ишончлиликни бошқариш хизматини ташкил этилиши ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлардан биридир.
Бу борада Ишончлиликни бошқариш хизмати томонидан мажмуадаги қурилма ва ускуналарни узлуксиз ишлатиш ва операцион самарадорликни ошириш мақсадидаги янги лойиҳа амалга оширилмоқда
Бунда, мажмуананинг асосий ишлаб чиқариш жараёнларини техник ишончлилиги ва операцион самарадорлигини ошириш бўйича механика, энергетика ва метрология йўналишидаги барча ускуналарни таҳлилий ўрганиш, асосий жиҳозларни диагностика қилиш ва таъмирлаш, истиқболли режа графигини ишлаб чиқиш, энергия ресурсларни тежаш ва ускуналарни узлуксиз ишлашини таъминлашга эришиш чоралари кўрилмоқда.
2022 йил давомида қурилмаларнинг режали тўхтаб таъмирлаш ишларини ташкил этиш, нохуш ҳодисаларнинг туб сабабини аниқлаш ва уларнинг такрорланишининг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш бўйича бир қатор амалий ишлар амалга оширилди. Жумладан, Ишончлиликни бошқариш хизмати мутахассислари томонидан мажмуада мавжуд бўлган 792 та жиҳозда RPN-таҳлили олиб борилди ва улар муҳимлик даражалари бўйича синфларга ажратиб чиқилди.
Жорий қилинаётган тизим доирасида амалга оширилаётган ва иқтисодий самарадорликни баҳолашга қаратилган ишлар ҳам Ишончлиликни бошқариш хизмати мутахассислари томонидан олиб борилмоқда. Хусусан, ишлаб чиқариш вақтининг самарадорлик индекси, технологик самарадорлик индекси ва ишлаб чиқаришнинг энергия сиғими индекслари ҳисобланиши йўлга қўйилди.
Бундан кўзланган мақсад қурилмаларнинг узлуксиз иш жараёнини таъминлаш билан бир қаторда ортиқча сарф бўладиган маблағларни тежаб қолишдир.
Кейинги босқичда ушбу индексларни янада юқори кўрсаткичларга кўтариш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалиётга тадбиқ қилиш режалаштирилган. Бу эса, ўз навбатида, мажмуанинг иқтисодий самарадорлигини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.