"Шўртан ГКМ" МЧЖга қарашли "Қаршитермопласт" цехида фавқулодда вазиятлар бўйича тактик-амалий ўқув машғулоти бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 3 ноябрь куни, "Шўртан ГКМ" МЧЖ объектларида тезкор қутқарув хизматлари иштирокида фавқулодда вазиятларни бартараф этиш режаси бўйича тасдиқланган жадвалга асосан, мажмуага қарашли "Қаршитермопласт" цехида тактик-амалий ўқув машғулоти бўлиб ўтди.
Амалий машғулот давомида, ихтисослашган хизмат ходимлари ва "Қаршитермопласт" цехи ишчи-хизматчилардан иборат кўнгилли қутқарувчиларга, шартли равишда электр тармоқларидаги қисқа туташув натижасида юзага келган ёнғинни бартараф этиш вазифаси топширилди.
Дастлаб фавқулодда ҳолат ҳақида барча тезкор хизматларга хабар бериш ва огоҳлантириш сигнали чалинди.
Воқеа жойига Қарши шаҳридаги учинчи ёнғин ўчириш қисми ва Қарши шаҳри тез тиббий ёрдам муассасаси бўлими ходимлари ҳамда куч воситалари етиб келгунга қадар, кўнгилли ёнғин ўчириш қутқарувчилари томонидан объектдаги ишчи-хизматчилар фавқулодда ҳолат содир бўлган жойдан хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинди.
Шундан сўнг, фавқулодда ҳолат содир бўлган жойда разведка ишлари олиб борилди ва цех ҳудудида жойлашган ёнғин ўчириш гидрантига ёнғин ўчириш автомобиллари уланиб, ёнғинни бартараф этиш чоралари кўрилди.
Шунингдек, жароҳатланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди. Кўрилган тезкор чоралар натижасида шартли ёнғин тўлиқ қуршаб олиниб, тезкор равишда бартараф этилди.
Тактик машғулот ўз вақтида ва самарали бажарилди. Машғулотга бириктирилган масъуллар, ишчи-ходимлар ҳамда Қарши шаҳридаги учинчи ёнғин ўчириш қисми шахсий таркиби ва Қарши шаҳри тез тиббий ёрдам муассасаси бўлими ходимлари хизмат вазифаларини адо этишда мустаҳкам билим ва амалий кўникмаларни моҳирона намойиш этишди.
Бундай амалий машғулотлар ихтисослашган хизмат ходимлари ва мажмуа ишчи-хизматчилардан иборат қутқарувчиларда, кутилмаган вазиятларда, фавқулодда ҳолат ҳақида дастлабки маълумотларни барча тезкор хизматларга хабар бериш ва огоҳлантириш, содир бўлган шартли табиий ва техноген вазиятни бартараф этиш учун жалб қилинадиган куч-воситаларни тўғри йўналтириш, жабрланганларни хавфсиз ҳудудга олиб чиқиш ва биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш кўникмаларни ривожлантиришга хизмат қилади.