Ишлаб чиқаришдаги ижодкор қиз фаолиятига бир назар
Давронова Динора Баҳтиёр қизи 1994 йилда Қашқадарё вилояти, Ғузор туманида туғилган. Маьлумоти ўрта-маҳсус. 2015 йилда Тошкент шаҳар ихтисослаштирилган Республика касб-ҳунар коллежини тугатган.
Шўртан газ кимё мажмуасида илк иш фаолиятини 2017 йилда бошлаган қизимиз ҳозирги кунга қадар касаначи-тикувчи вазифасида сидқидилдан меҳнат қилиб келмоқда.
Динора Давронова ўзининг ўзгача ижод дунёсига эга эканлиги, ўзига бўлган ишончи, шу билан бирга самимийлиги билан мажмуа ҳамда меҳнат жамоасида ҳурмат қозонган. Ёш шоира асосан назм ва публицистика йўналишларида сермаҳсул ижод қилиб келмоқда. Ижод намунаси ўлароқ биз қуйида келтираётган тўртликни ўқибоқ сизда ижодкорнинг тафаккур олами нечоғли кенг эканлиги, унинг қалб кечинмалар сарҳадлари, тафаккурининг уфқи қай томон йўналганига гувоҳ бўласиз.
Истиқлолинг, иқболга қанот бўлди, чаманим,
Қутлуғ ёшинг муборак, саждагоҳим, гулшаним.
Дунёларга алишмам, сен туғилган масканим,
Гўзал, бетакроримсан, мангу тилда, достоним
Гулла яшна ҳамиша, Янги Ўзбекистоним!
Ижодкор ижодий фаолиятига эътибор, унинг бу фаолиятига бефарқ эмасликларини эътироф этиш, шоирага янада кўтаринки кайфият, қолаверса ижодий масъулият юклайди. Мажмуада бу борада ишлар яхши йўлга қўйилган. Мисол тариқасида айтадиган бўлсак, 2021 йил июл ойида мажмуа ишчи-ходимларининг илмий ва ижодий фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтқазилган “Шўртан газ кимё мажмуаси - ижодкор ходим нигоҳида” танловида, унинг “Мен орзу қилган мажмуа” номли мақоласи III-даражали диплом билан тақдирланган бўлса,
бу танловга қадар ҳам 2020 йил Нишон туман ҳокимлиги ҳамда Ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда ташкил этилган “Ижодкор ёшлар” онлайн кўрик танловида “Энг яхши ижро” номинацисида фахрли I-даражали диплом билан тақдирланган эди. Шу каби кўплаб танловлар ғолибаси, серқирра ижодкорнинг шеърларида Онага, Ватанга, бўлган ҳақиқий муҳаббат, соғинч ва бошқа кўплаб хислар акс эттирилганлигини, шу билан бирга, ҳаёт синовлари ва одамийлик ҳислатлари ёритиб берилганлигини кўришимиз мумкин. Қолаверса, ижодкорнинг бир нечта шеьрлари қўшиқ сифатида ҳам куйланган. Салоҳиятли ижодкор асосан (Мафтун) тахаллусида ижод қилиб, юздан ортиқ шеърлар, ўндан ортиқ мақолалар муаллифидир. Муаллиф ҳозирги кунда ҳам сермаҳсул ижод қилиб, шеьрлари ва мақолалари “Ғузор ҳаёти”, “Нишон тонги” каби кўплаб газета ва журналларда, шу билан бирга Республика миқёсидаги интернет нашрларида ҳам чоп этилиб келинмоқда.
Ижодкорнинг охирги ютуғига тўхталадиган бўлсак, У Ёшлар ишлари агентилиги Қашқадарё вилоят бошқармасининг 15 май "Халқаро оила куни" муносабати билан ташкил этилган "Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласи" мавзусидаги ижодий ишлар танловинг "Энг яхши мақола" танловида 1 даражали диплом билан тақдирланди.
Мажмуа ишчи ходимлари ижодкорнинг келгуси ижодий фаолиятига улкан зафарлар ижодий баркамоллик тилайди! Қаламингиз ёзишдан қалбингиз эса ижод нури ила ёришишдан тўхтамасин!