"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда "Объект ва биноларда ёғин хавфсизлигини таъминлаш" мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирининг 2022 йил 10 ноябрь кунидаги "Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссияси йиғилишининг 2022 йил 10 ноябрдаги 49-сон баёни ижросини таъминлаш чора-тадбирларини кучайтиришга қаратилган "Ёнғин хавфсизлиги ойлиги"ни юқори савияда ўтказиш тўғрисида"ги 527-сонли буйруғи ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимининг 14 ноябрь кунидаги "Ёнғин хавфсизлиги ойлиги"ни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режасини ижросини таъминлаш мақсадида Қашқадарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси маъсуллари томонидан, вилоят ҳудудида фаолият кўрсатаётган ўта муҳим ва тоифаланган объектларда амалга оширилиши лозим бўлган ишлар бўйича ишчи-ходимлар билан очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда.
Худди шундай мулоқотларнинг навбатдагиси "Шўртан газ кимё мажмуаси"МЧЖда ташкил этилди.
Мулоқот аввалида, мажмуа Бош директори ўринбосари Нодир Халилов ўзининг "Ёнғин хавфсизлиги ойлиги" доирасидаги фикр мулоҳазалари билан ўртоқлашгани ҳолда бу борада мажмуада амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Мулоқот давомида Қашқадарё вилояти ФВБ ЎМТО ЁХТТЕБ бошлиғи подполковник А.А.Иноятуллаев, мажмуа ишчи-ходимларига олиб борилаётган профилактик тадбирлар, ёнғин, ис газидан заҳарланиш ёки газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олишга қаратилган ишларда барчани бирдек фаол қатнашишга чорлаб, эҳтиётсизлик оқибати нималарга олиб келишини бу борада тайёрланган роликлар ва тақдимот билан асослаб берди.
"Шўртан ГКМ"МЧЖ ОБЙХТТЕБ бошлиғи полковник У.Жўраев эса йиғилганларга юзланар экан, уларни огоҳ бўлишга чорлаб, агарда юқорида айтиб ўтилгани каби ҳолатлар юзага келгудек бўлса, қисқа рақамли 101 ва 1050 рақамларига зудлик билан қўнғироқ қилишлари лозимлигини айтиб ўтди. Ёнғинларнинг ҳосил бўлиши борасида ўзларининг умумий хулосаларига тўхталар экан аксарияти инсонларнинг лоқайдлиги, жиҳозларнинг носозлиги, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмаслик натижасида юзага келишини таъкидлади.
Шунингдек, мулоқот давомида ишчи-ходимлар ўртасида фавқулодда ёнғин содир бўлганда кўриладиган чоралар - бирламчи ёнғин ўчириш воситаларидан тўғри фойдаланиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борди.