"Устоз-Шогирд" Анъанаси амалда
Маълумки, “Устоз-шогирд” анъанаси – ёшларда касбий маҳоратни тарбиялаш, маънавий-маърифий салоҳиятини ошириш, изланиш ва ўз устида меҳнат қилиш, ҳар томонлама етук ва салоҳиятли кадрларни шакллантиришда ўзига хос тарбиявий аҳамиятга эга бўлиб, юрт равнақи йўлида ўзининг муносиб ҳиссасини қўша оладиган, ақл-идрокли ва қобилиятли шогирдлар тайёрлашда соҳада кўп йиллик тажрибага эга бўлган устозларнинг ўрни беқиёсдир.
Бугунги кунда мажмуада ёш кадрларни соҳа тараққиётига тўғри йўналтириш мақсадида “Устоз-шогирд” анъанаси асосида ҳар бир ёш кадрга ўз касбининг фидойилари сифатида фаолият юритиб келаётган малакали ходимлар бириктирилган бўлиб, улар ёш кадрларга касб сир-асрорларини ўргатиб келмоқдалар.
Шунингдек, ҳар бир цехда захира кадрларни тайёрлаш, мутахассис кадрлар салоҳиятини ошириш ва уларнинг узоқ муддатли захира базасини кенгайтириш мақсадида мунтазам равишда ўқув дарслари ташкил этиб борилмоқда.
Жумладан, Полиэтилен ишлаб чиқариш цехида ҳам доимий равишда ўқув ва амалий дарслар ташкил этилган бўлиб, айни кунларда ҳам цех ўқув хонасида малакали мутахассислар томонидан кундузги ва сменада ишловчи ишчи-ходимларга технологик жараёнларга оид янги билим ва кўникмалар улашилмоқда.
Дарслар давомида малакали мутахассислар томонидан технологик қурилмаларнинг тузилиши ва уларнинг ишлаш принциплари замонавий методлар, анимацион видеолар, мавжуд схемалар ёрдамида тушунтириб борилмоқда.
Шунингдек, соҳада кўп йиллик тажрибага эга бўлган устоз ходимлар меҳнат фаолияти давомида тўплаган бой тажрибаси, ёшлик давридаги ўзига хос қийинчиликлар, меҳнат палласидаги машаққатлар ҳақида ёш ходимлар билан самимий мулоқот орқали ўртоқлашишмоқда.
Бу каби ўқув дарслари ёш кадрларни ўз устида меҳнат қилиши, билимларини такрорлаб олиши, етук ва салоҳиятли кадрлар бўлиб етишишига ҳамда тажриба ва кўникмаларини ривожланишига хизмат қилади.