February 18

Шўртан газ кимё мажмуаси ёшлари – "Брейн ринг" турнири финалида!

Маълумки, 2024 йилдан бошлаб "Ўзбекнефтгаз" АЖ тасарруфидаги корхона ва ташкилотларда фаолият юритаётган ёш ходимлар ўртасида билим ва интеллектуал салоҳиятни ошириш, жамоавий ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ҳамда ёшларнинг ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида "Интеллектуал олимпиада" мусобақаси ташкил этилган. Ушбу мусобақада ёшлар ўз билим ва иқтидорларини намоён этишлари учун турли ақлий беллашувлар ташкил этилиб, унда "Брейн ринг", "Заковат", "Заковат Квиз", "Шахсий ўйин", "Хамса" каби ўйинлар ўтказиб келинмоқда.

Жорий йилда мазкур мусобақа янада кенг кўламда, янгича форматда ташкил этилмоқда. Низомга киритилган ўзгаришларга мувофиқ, ҳар бир йўналиш бўйича дастлаб ҳудудий саралаш босқичлари ўтказилиши белгилаб қўйилди. Саралаш босқичида муваффақиятли иштирок этган жамоалар эса финал босқичига йўлланма олишади.

Шу мақсадда, 2025 йил 16 февраль куни Қарши шаҳридаги Вилоят Ёшлар марказида "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг Қашқадарё, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида жойлашган корхона ва ташкилотлари жамоалари ўртасида "Брейн ринг" ўйини бўйича ҳудудий саралаш мусобақаси ташкил этилди. Мусобақа юқори савияда, кескин ва муросасиз руҳда ўтди, жамоалар ўз билим ва зукколикларини синовдан ўтказишди.

Беллашувлар натижасига кўра, Шўртан газ кимё мажмуаси ёшлар жамоаси финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу ютуқ мажмуа ёшларининг билимга чанқоқлиги, мунтазам изланиши ва жамоавий ҳаракатининг самараси эканлигини яна бир бор исботлади.

Эндиликда, мажмуа ёшлари финал баҳсларига жиддий ҳозирлик кўришмоқда. Мусобақанинг финал босқичи жорий йил март ойида Бухоро шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган. Унда "Ўзбекнефтгаз" АЖ тасарруфидаги энг кучли жамоалар бош соврин учун беллашишади.

Финал баҳсларида жамоамизга омад ва зафарлар ёр бўлсин!

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|