Шўртан газ кимё мажмуаси ёшлари – "Заковат" мусобақаси финалида!
2025 йил 20 апрель куни Қарши шаҳридаги Вилоят Ёшлар марказида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги корхона ва ташкилотларда фаолият олиб бораётган ёш мутахассислар ўртасида ташкил этилган “Интеллектуал олимпиада–2025” доирасида Қашқадарё, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларида жойлашган корхона ва ташкилотлар жамоалари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини бўйича ҳудудий саралаш мусобақаси бўлиб ўтди.
Мусобақа юқори савияда, кескин ва муросасиз руҳда ўтди. Жамоалар ўз билим ва зукколикларини синовдан ўтказишди.
Беллашувлар натижасига кўра, Шўртан газ кимё мажмуаси ёшлар жамоаси финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу ютуқ мажмуа ёшларининг билимга чанқоқлиги, мунтазам изланиши ва жамоавий ҳаракатининг самараси эканини яна бир бор исботлади.
Эндиликда, мажмуа ёшлари финал баҳсларига жиддий ҳозирлик кўришмоқда. Мусобақанинг финал босқичи жорий йил май ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган 27-Халқаро “Ўзбекистон нефт ва гази – OGU 2025” кўргазмаси ва анжумани доирасида ўтказилиши режалаштирилган. Унда “Ўзбекнефтгаз” АЖ тасарруфидаги энг кучли жамоалар бош соврин учун беллашишади.