November 1, 2022

Сунъий интеллект ва унинг нефт ва газ соҳасидаги тутган ўрни

“Сунъий интеллект” атамаси 1956 йилга келиб пайдо бўлган бўлсада ўтган асрнинг охирига келибоқ жамиятда ва ишлаб чиқаришда муҳим аҳамият касб эта бошлади. Ҳозирги даврга келиб эса сунъий интеллект, инновацион технологиялар инсониятнинг яшаш ва ишлаш тарзини буткул ўзгартириб юборди.

Сунъий интелект атамаси 1956 йилнинг ёзида АҚШнинг Дартмут университетида сунъий тафаккур масалалари бўйича бўлиб ўтган ва Клод Шеннон (Bell Laboratories), Натаниел Рочестер (IBM), Герберт Саймон (Карнеги университети), Тренчард Мур (Принстон университети), Жон Маккарти (Дартмут университети), Марвин Мински (Гарвард университети) каби олимлар иштирок этган анжуманда ишлатилган.

Ушбу анжуманда маъруза қилган америкалик информатика соҳасидаги олим Жон Маккарти (1927–2011) “Artificial Intelligence” (“Сунъий тафаккур”) атамаси муаллифи сифатида тарихга ном қолдирди.

ХХ асрнинг 80-йилларида эса сунъий интеллект – кашфиёт дея эътироф этила бошланди. Олимлар ушбу йўналишда дарсликлар ишлаб чиқа бошладилар.

Ҳозирда ушбу технология асосида яратилган иловалар ҳаётнинг барча соҳаларида кенг тарқалиб улгурди. Сунъий интеллект AI қисқартмаси билан бутун жаҳонга танилган бўлиб, бу инсон ақлий заковатини машиналарда қайта яратиш жараёни ҳисобланади.

Сунъий интеллектнинг нефт ва газ соҳасидаги ўрни қандай? Келинг ҳозир шу ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Жаҳон нефт ва газ бозорини ўзгариши, асосан нафақат нархга, балки соҳадаги рақобатбардош компанияларда сунъий интеллектнинг (Artificial intelligence - AI) жорий этилиш даражаси ва компаниялар ҳақидаги умумий рақамлаштирилган маълумотларга (Big Data) боғлиқ бўлиб қолди. Соҳадаги гигант компаниялар ахборот- технологик ривожланишсиз жаҳон бозоридаги ўз ўрнини йўқотишини тушуниб етган Accenture (Ирландия) компаниясининг маълумотларига кўра, ҳозирда дунёдаги нефт компанияларининг 36 % Big Daтa технологиясидан фаол фойдаланмоыда, яна 38 % уни яқин 3-5 йил ичида, ўзлаштириш ниятида.

Ҳозирги кунда нефт ва газ саноатида, конларни ўзлаштириш жараёнида, катта ҳажмдаги юқори тизимли маълумотлар тўпланади. Бунга коннинг тузилиши, маҳсулот ҳажми, ишчи-ходимлар сони, умумий харажатлар, маҳсулотни қайта ишлаш заводларига ташиш каби умумий маълумотлар киритилади. Бу маълумотларни ўз вақтида қабул қилиш, уларни таҳлил қилиш учун эса, албатта дастур керак бўлади. Бундай дастурларни қўллаб келаётган компаниялар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу дастурлар орқали эса, янги имкониятлар очиляпти.

Энди, соҳадаги асосий дастурчилар ҳақида тўхталиб ўтсак

IT (Information technology) дастурловчи Google, Microsoft, Amazon каби компаниялар аллақачон дунёнинг энг йирик нефт компаниялари билан шартномалар тузиб бўлишган. Ҳозирги кунда соҳада маҳсулотни қазиб олиш, ташиш, қайта ишлашни оптималлаштириш учун сунъий интеллект асосидаги дастурлар саноатнинг стратегик кун тартибининг асосий элементларидан бирига айланди.

Google 2018 йилда нефт ва газ саноати компанияларига хизматлар кўрсатиш бўлимини ташкил этди. Ўша йили Франциянинг Total компанияси, АҚШнинг Anadarko Petroleum компаниялари билан нефт ва газни қидириш, қазиб олишда жараёнларни рақамлаштириш ва технологик маълумотларини таҳлил қилиш бўйича шартнома имзоладилар.

Шунингдек Google, нефт конлари хизматларини кўрсатувчи Baker Hughes ва Schlumberger компанияларига, рақамлаштирувчи дастурларни eтказиб бериш бўйича йирик битим туздилар.

Яна бир IT соҳасидаги гигант компаниялардан бири Amazon ҳам, ўзининг Web Services бўлимида (AWS) алоҳида нефт ва газ (Oil & Gas) тармоғига эга. Шунингдек компаниянинг ВР ва Royal Dutch Shell каби шериклари ҳам бор. Amazon компанияси ҳам Google сингари нефт ва газ компанияларига IТ дастурларини жорий этишда ёрдам беришни таклиф қилади. Microsoft Azure ҳам ўз рақобатчиларидан четда қолмаяпти. У ҳам нефт ва газ саноатидаги компанияларга ўз хизматларини таклиф этиб келмоқда. Биргина Chevron (АҚШ) компанияси билан юзлаб миллион долларлик шартномаларга эга.

Келинг, ҳозир сиз билан нефт ва газ компаниялари кўпроқ фойдаланиб келаётган дастурлар билан танишсак:

Рақамли нефт

Дастур, геологик маълумотларни рақамли қайта ишлаш орқали, яширин углеводород конларини топади. Алгоритм 60 000 га яқин геофизик тадқиқотлар натижаларини таҳлил қилади. Таҳлил қилинган маълумотлар орқали, нефт ҳавзаларини қидириш учун янги истиқболли ҳудудларни қидириб топишга имкон беради. Ушбу дастур орқали «Газпром нефт» (Россия) компанияси (2019 йилда) дунёда ўзининг биринчи нефтини қазиб олди.

Моҳир геолог

Эҳтимолий ҳисоб-китоблардан фойдаланган ҳолда, коннинг тизим ўлчамлари бўйича рақамли моделларини яратади. Шу аснода, геологик таҳлилнинг даврийлигини 6 ойдан 14 кунгача қисқартирилади. Шу соҳа мутахассисларининг фикрича, 2025 йилдан бошлаб қидирув босқичида рақамли технологиялар Газпром Нефт компаниясига йиллик 5-6 миллиард рублдан ортиқ қўшимча сармоя келтира бошлайди.

Оптима

Бу дастур қисқа вақт ичида конларни ўзлаштиришнинг минглаб вариантларини ҳисоблаб чиқади. Уч ўлчовли моделлаштириш асосида, мавжуд қудуқларнинг янги режимларини жойлаштиришнинг самарали геометриясини танлаш имконини беради. Тизимни иккита пилот лойиҳага жорий этишдан олинган иқтисодий самара эса, миллион доллардан ошмоқда. Бундай самаранинг асосий мезони, дастур сабабли умумий харажатларнинг камайишидир.

Рақамли бурғулаш

Ушбу дастур конларни ўрганиш натижасида, бурғулашнинг аниқ траекториясини назорат қилади. Бурғулаш қурилмаларида ўрнатилган сенсорлардан олинган параметрлар, реал вақтда таҳлил қилинади. Дастурнинг қўлланиши, янги қудуқларни ишга тушириш харажатларини 45% га қисқартиради. 

Заводлардаги ускуналар диагностикаси

Маҳсулотни қайта ишлаш заводида, ақлли ускуналар мониторинги тизимли равишда жорий этилади. Автоматлаштирилган масофавий мониторинг ва назорат қилиш тизими (Automated remote monitoring and control system) орқали, технологик қурилмаларнинг ишлаш режимидан чиқиб кетишини, қурилмадаги механизмларни муддатидан олдин таъмир талаб бўлиб қолишини олдини олади. Бу дастур қурилмадаги носозликларни тез аниқлаши натижасида ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни камайтириш билан бирга технологик материалларни ортиқча сарфини ҳам олдини олади.

Масалан: Hydrocarbon Processing Awards (AQSh) эксперт комиссияси Омск нефтни қайта ишлаш заводида жорий қилинган ускуналарнинг техник ҳолатини мониторинг қилиш тизимини нефт ва газни қайта ишлаш саноатида фойдаланиш учун яратилган энг яхши сунъий интеллект технологияси сифатида тан олган.

Мақола интернетдан олинган маълумотлар асосида "Шўртан ГКМ" МЧЖнинг ИРХ мутахассиси Х.Бердиев томонидан тайёрланди.

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|