March 31, 2023

"Шўртан ГКМ" МЧЖда навбатдаги рационализаторлик таклифи муваффақиятли амалга оширилди

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖнинг бир гуруҳ мутахассислари томонидан навбатдаги рационализаторлик таклифи муваффақиятли амалга оширилди.

Маълумки, Этилен ишлаб чиқариш цехи эҳтиёжи учун газларни фракцияларга ажратиш (УРГ) қурилмасида ажратиб олинаётган пропан маҳсулотидан совитувчи (хладагент) сифатида фойдаланиш мақсадида пропан маҳсулоти вагон-цистерналарга олиб қуйилади ва эҳтиёжга қараб пропан ёрдамида совуқлик олиш тизимида (1500-зона) ишлатилади.

Пропан билан совуқлик олиш тизимида босим ва ҳароратни ўзгартириш натижасида поғонали совитиш (+13˚С, -2˚С, -23˚С, -37˚С) амалга оширилади.

Мажмуанинг таъмирлаш ишлари жараёнида GT/GB-1501 пропан ёрдамида совитиш компрессори ишдан тўхтатилганда ва пропан совитиш тизимида таъмирлаш ишлари (маҳсулотни бўшатиб қувур ёки идишлар зичлигига таъсир қилиш, азот ёрдамида намликни олиш, иссиқлик алмашиниш аппаратларини таъмирлаш ва ҳкз.) олиб борилган вақтда пропан совуқлик тизимини, пропан хладагентидан бўшатишга тўғри келади ва таъмирлаш ишларидан кейин GT/GB-1501 пропан компрессорини ишга тушириш учун пропан тизимини қайтадан аввал вагон цистерналарга юклаб қўйилган тоза пропан билан керакли даражада тўлдиришга тўғри келади.

Шу вақтга қадар суюқ пропан юкланган вагон цистерналарга азот ёрдамида босим олиниб пропан совитиш тизимига ҳайдаб келинар ва пропан совитиш тизимга азот ўтиб кетиш хавфи юзага келар эди. Совитиш тизимига ўтган азотнинг салбий таъсири мажмуа таъмирлаш ишларидан кейин тўла қувватда ишга тушгандан сўнг билинар ва совуқлик олиш жараёнида муаммолар келтириб чиқариб мажмуанинг тўлиқ қувватда ишлашига тўсқинлик қилар ва маҳсулотлар ишлаб чиқариш режаларини бажара олмаслик ҳамда пропанни ортиқча сарф бўлиши ҳавфини олиб келарди.

Айрим ҳолларда пропан совитиш тизимига ўтган азот ЕА-1313X (Cold Box) пластинкали иссиқлик алмашиниш аппаратининг трактларига тиқилганда мажмуани қайтадан тўхтатиб, пропан совитиш тизимидаги Cold Box трактларидан азотни ҳайдашга (продувка) тўғри келарди.

Шу сабабли бу муаммоларни бартараф этиш мақсадида корхонамиз мутахассислари томонидан изланиш олиб борилиб рационализаторлик таклифи берилди. Техника гуруҳи томонидан рационализаторлик аризаси 18.04.2022й куни №192 қайд рақами билан рўйхатга олиниб, ўрганиш ишлари олиб борилди.

Рационализаторлик таклифига кўра Этилен ишлаб чиқариш цехи пропан ёрдамида совитиш тизимига азот ўтиб кетишини олдини олиш мақсадида Тайёр маҳсулотлар ва хом ашё цехидаги пропан юкланган вагон – цистерна ва контейнерларга, коркен компрессори ёрдамида кам миқдорда юкланган газ ҳолатидаги пропан олиниб компрессор тизимига юкланаётган идишга ҳайдаб босими кўтариб турилади. Натижада GT/GB-1501 пропан компрессори тизимига азот ўтиб кетиш олди олинади

Рационализаторлик таклифига асосан лойиҳа ва монтаж ишлари якунлангандан сўнг амалда синаб кўриш мақсадида Бош директорнинг биринчи ўринбосари Ш. Эшмуродов, Ишлаб чиқариш диспетчерлик хизмати бошлиғи Д.Холияров, Техника гуруҳи раҳбари Р.Мадиев, Тайёр маҳсулотлар ва хом ашё цехи (ТМ ва ХА) бошлиғи И.Қодиров, Технология гуруҳи етакчи мухандис-технологи А.Абдурахманов, ТМ ва ХА цехи етакчи технологи О.Буранов, ТМ ва ХА цехи эстакада механиги В.Ивлевлар иштирокида 14.03.2023 йил куни ТМ ва ХА цехидаги №1 эстакаданинг 2-станциясида суюлтирилган газ маҳсулоти юкланган №58212580 вагон-цистернани газ фазасидан “Коркен” компрессори ёрдамида 1-станциясига қўйилган №50881721 вагон-цистернага босим олиниб текшириб кўрилди.

Текширув натижасига кўра, “Коркен” компрессори ёрдамида босим олиш учун 1-станцияга қўйилган №50881721 вагон-цистернани босими Р=6,0кгс/см2 дан Р=8,5кгс/см2 гача кўтарилганлиги аниқланди. “Коркен” компрессори ёрдамида босим олиш учун, соат 12:10 дан 12:58 гача вақт мобайнида 1-станцияга қўйилган №50881721 вагон-цистернадаги босим кўтарилиши Р=2,5кгс/см2 ни ташкил этди.

Бундан кўриниб турибдики рационализаторлик таклифи амалда муваффақиятли амалга оширилди ва узоқ йиллар давомида қийнаб келаётган яна бир муаммо корхонамиз мутахассислари томонидан бартараф этилди.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|