May 21

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ хотин-қизлари учун Тошкент шаҳрига маънавий-маърифий саёҳат уюштирилди

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда меҳнат фаолиятини олиб бораётган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг дунёқараши ва маънавий-маърифий салоҳиятини янада юксалтириш мақсадида жорий йилнинг 16–18 май кунлари Тошкент шаҳрига саёҳат ташкил этилди. Ушбу ташаббус мажмуа раҳбарияти, ШГКМ Хотин-қизлар бошланғич ташкилоти ва Касаба уюшма қўмитаси ҳамкорлигида амалга оширилди.

Саёҳат доирасида иштирокчилар учун бир қатор маданий-маърифий тадбирлар режа асосида ўтказилди. Саёҳатнинг илк куни хотин-қизлар пойтахтдаги Халқлар дўстлиги саройида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъаткорлар иштирокида бўлиб ўтган концерт дастурини томоша қилишди. Мазкур концерт уларда юқори кайфият уйғотиб, маданий ҳордиқ чиқариш имконини яратди.

Саёҳатнинг иккинчи куни Тошкент шаҳрининг тарихий ва маданий обидаларига ташриф уюштирилди. Иштирокчилар Ислом Каримов номидаги музейда бўлиб, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти ҳаёти ва фаолиятига оид тарихий маълумотлар билан танишишди. Шунингдек, Хастимом жоме масжидига ташриф буюриб, ушбу муқаддас зиёратгоҳда маънавий озуқа олишди. Ғалаба боғига ташриф чоғида эса Иккинчи жаҳон уруши қурбонлари хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуаси билан танишиб, Ватан ҳимоячиларига нисбатан миннатдорлик ва эҳтиром туйғуларини юракдан ҳис қилишди.

Маданий дастур доирасида Муқимий номидаги Ўзбекистон давлат мусиқали театрида намойиш этилган “Куёвни омонати” спектакли ҳам саёҳат иштирокчиларининг қалбида унутилмас таассурот қолдирди.

Ушбу саёҳат меҳнат жамоаси хотин-қизларининг фаолиятига ижобий таъсир кўрсатиб, ишга бўлган масъулиятни янада ошириш, жамоадаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ва уларни маънавий-маданий жиҳатдан рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этди.

Мажмуа раҳбарияти ва ШГКМ Хотин-қизлар бошланғич ташкилоти келгусида ҳам бундай маънавий-маърифий тадбирларни доимий равишда уюштиришни режалаштирмоқда.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|