"Шўртан ГКМ" МЧЖ мутахассислари Дубай шаҳрида FAT (factory acceptance testing) синови ва техник хизмат кўрсатиш бўйича тренингда иштирок этдилар
Аввал хабар берганимиздек, "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖнинг ҳаётий цикли ва асосий иш фаолиятини таъминлаб турувчи бир қатор технологик қурилмаларида модернизация ишлари бошлаб юборилган бўлиб, бугунги кунга келиб ҳар бир йўналиш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, завод хавфсизлигида ўта муҳим ўрин тутувчи авария ҳолатларига қарши "HIMA" ҳимоя ва блокировка бошқарув тизимини модернизация қилиш ишлари айни кунларда қизғин паллага кирган бўлиб, "Шўртан ГКМ" МЧЖ ва “HIMA Middle East FZE” Германия компаниясининг Бирлашган Араб Амирликларидаги тармоғи билан тузилган шартномага асосан, мажмуа "Назорат ўлчов асбоблари ва автоматлаштириш" цехининг бир гуруҳ мутахассислари Дубай шаҳрида бўлиб ўтган FAT (factory acceptance testing) синови ва техник хизмат кўрсатиш бўйича тренингда қатнашиб қайтдилар.
Мазкур тренингдан кўзланган асосий мақсад, мажмуада ўрнатилиши кўзда тутилган "HIМах" авария ҳолатларига қарши ҳимоя ва блокировка бошқарув тизимини синовдан ўтказиш, қурилмаларга техник хизмат кўрсатиш борасида ўзаро тажриба алмашиш, соҳа ходимларининг малака ва билимларини ошириш борасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришдан иборатдир.
Таъкидлаш жоизки, модернизация лойиҳасига кўра мажмуада янги ўрнатиладиган "HIMах" тизими кучли киберхавфсизлик компоненти ҳамда аппарат ва дастурий таъминотнинг ноёб комбинацияси орқали барча асосий бошқарув тизимлар интеграциясини таъминлайди
Ушбу интеграция заводнинг алоҳида компонентларини бошқариш билан чекланиб қолмай, бутун завод тармоғини динамик ва носозликларга бардошли бошқариш имконини ҳам беради.
Технологик қурилмаларининг “Авария ҳолатларига қарши ҳимоя ва блокировка бошқарув тизими” ни модернизация қилиш ишларининг якуний босқичи, жорий йилнинг октябрь ойида мажмуада амалга оширилиши режалаштирилган таъмирлаш ишлари вақтига мўлжалланган.