Шўртан газ кимё мажмуасида Урганч Давлат Университети талабалари амалиёт ўташмоқда
Урганч Давлат Университетининг Кимё йўналишида таҳсил олаётган бир гуруҳ талабалари Шўртан газ кимё мажмусининг Марказий лабораториясида амалиёт ўташмоқда.
Олий ўқув юртларининг “Кимё” йўналишида таълим олаётган талабаларни етарли билим ва кўникмаларга, кимёвий амаллар ва тажрибалар ҳақида тасаввурларга эга бўлишида ишлаб чиқариш синов лаборатория ишлари билан танишиш муҳим аҳамиятга эгадир.
Шўртан газ кимё мажмуасининг Марказий лабораторияси АҚШнинг Fisher Scientifik World Widе компанияси томонидан ишга туширилган бўлиб, завод марказий лабораторияси аналитик приборлар ишлаб чиқаришда дунё етакчилари ҳисобланган Fisher Hamilton (АҚШ), Zwick GmbH&Co (Германия), Instron Corp. (Англия), Toyo Seiki Ltd (Япония), Mettler Toledo (Швейцария), Euroglas Analytical Instruments (Нидерландия), Qualitest (Канада) каби бир қатор компанияларда ишлаб чиқарилган приборлар ва воситалар билан жиҳозланган.
Шунингдек, “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан инвестицион лойиҳалар асосида амалга оширилаётган янги корхоналарни, жумладан “Uzbekistan GTL” МЧЖ, “SURHAN GAS CHEMICAL OPERATING COMPANY”, “JIZZAKH PETROLEUM” каби корхоналарни ишга тушуриш ва лойиҳалаш жараёнларидаги лаборатория анализларини бажариш назорати билан боғлиқ вазифалар Шўртан газ кимё мажмуасининг Марказий лабораторияси зиммасига юклатилган.
Бундан ташқари, “Uz-Kor Gas Chemical” МЧЖ, “Қандим ГҚИЗ”, “Uzbekistan GTL” МЧЖ ҳамда “Газли ГҚИЗ” корхоналари лабораторияси ходимларини тайёрлаш айнан марказий лаборатория базасида малакали ходимлар томонидан амалга оширилиб келинмоқда.
Ёш ва иқтидорли мутахассис кадрларни тайёрлашда ҳам марказий лаборатория мажмуада ўзининг муҳим ўрнига эга. Ҳар йили олий таълим муассаларида “Кимё” ва “Кимё технологияси” йўналишида таълим олаётган талабалар ўзларининг танишув ёки ишлаб чиқариш амалиётларини ўташ учун Завод марказий лабораториясига келишади. Талабаларни амалиётларини юқори савияда ўтишини ташкил этиш лабораториянинг малакали мутахассислари томонидан амалга оширилиб келинмоқда.
"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Матбуот хизмати