“Ўзбекнефтгаз хотин-қизлари форуми-2025: Янги Ўзбекистон аёли — соғлом жамият тимсоли”
Жорий йилнинг 21-24 август кунлари Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги “Лочин” болалар соғломлаштириш оромгоҳида “Касаба уюшмалари ҳафталиги” доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимида фаолият олиб бораётган хотин-қизлар иштирокида “Янги Ўзбекистон аёли — соғлом жамият тимсоли” шиори остида “Ўзбекнефтгаз хотин-қизлари форуми-2025” бўлиб ўтди.
Хотин-қизларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва интеллектуал салоҳиятини тўлақонли рўёбга чиқариш мақсадида ташкил этилган мазкур форум дастури мазмунли ва қизиқарли тадбирларга бой бўлди.
Форумнинг дастлабки куни тантанавор очилиш маросими ҳамда иштирокчиларни гуруҳларга бўлиб, дастур билан таништириш жараёни билан бошланди. Шу куни иштирокчилар учун яқинда ташкил этилган “MERAKI SPA AND RESORT” туризм ва дам олиш марказига саёҳат уюштирилди. Кечки дастурда эса “Замонлар оша маданий мерос” миллий либослар фестивали, “Заковат-Quiz” интеллектуал ўйини иштирокчиларга кўтаринки кайфият улашди.
Иккинчи кун “Яшил келажак — ўз қўлимизда!” шиори остида квест — мақсадга эришиш ва жумбоқларни ҳал қилишга қаратилган кўнгилочар саёҳат билан бошланди. Шунингдек, сув полоси ва волейбол бўйича саралаш беллашувлари қизғин ўтди. Тушдан сўнг хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик масалаларига бағишланган “Ҳаёт пиллапоясида” мавзусида семинар-учрашув ҳамда “Жаннат оналар оёғи остида” фильмининг кинопремьераси бўлиб ўтди.
Учинчи кун форум иштирокчилари учун “Муваффақият сари оддий йўл: мен буни эплайман!” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилди. Шунингдек, қувноқ эстафета, сув полоси ва волейбол бўйича финал учрашувлари ўтказилди. Форумнинг ёпилиш маросимида ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Шу куни “Замонлар оша маданий мерос” шоу-концерти ҳамда гулхан атрофидаги ўйин-кулгига бой дастурлар билан форум ўз якунига етди.
Форумда иштирок этган хотин-қизлар нафақат қизиқарли тадбирларда қатнашишди, балки ўз билим ва тажрибаларини ошириш, янги дўстлар орттириш ва соғлом ҳаёт тарзини тарғиб қилиш имкониятига эга бўлишди. Шу билан бирга, мазкур форум хотин-қизларнинг маънавий юксалиши ва жамоадаги ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди.