"Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида Шўртан газ кимё мажмуаси ҳудудида 120 гектар ер майдонида ташкил этилган агро участкаларда томчилатиб суғориш тизими жорий этилмоқда
Президентимиз томонидан 2021 йилнинг ноябр ойида «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида йилига 200 миллион туп дарахт ва бута кўчатларини экиш, шу орқали шаҳарлардаги яшил майдонларни амалдаги 8 фоиздан 30 фоизга ошириш режаси маълум қилиниб, 2 ноябрдан 10 декабргача бўлган муддат дарахт экиш бўйича «долзарб 40 кунлик» деб эълон қилинган эди.
Ушбу лойиҳа доирасида Шўртан газ кимё мажмуаси ҳудудида “Ўзбекнефтгаз” АЖ ҳамда жамият тасарруфидаги ташкилот ва корхоналар ҳамкорлигида ҳудудни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш мақсадида экоакция ўтказилиб, 120 гектар ерни эгаллаган агро участкада 72 минг донадан зиёд мевали ва манзарали дарахтлар экилган эди.
Ҳозирда ташкил этилган яшил ҳудудларда кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш, яшил майдонларни кенгайтиришни ташкил этиш шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-46-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Шўртан газ кимё мажмуаси томонидан агро участкаларда экилган кўчатларни суғориш учун замонавий томчилатиб суғориш тизимлари ўрнатилмоқда.
Бундан ташқари, мажмуа томонидан кўчатхоналар сонини кўпайтириш, тупроқ унумдорлигини ҳисобга олган ҳолда, ҳудудлар иқлимига мос хорижий манзарали дарахтларни маҳаллийлаштириш, ҳудудларда "яшил боғлар" ва "яшил жамоат парклари"ни барпо этиш, манзарали ва мевали дарахтларни парваришлаш, дарахтларни суғориш тизимини қайта кўриб чиқиш, унинг самарали фаолиятини таъминлаш, томчилаб суғориш технологияларини ўрнатиш ва хизмат кўрсатиш каби бир қатор ишлар амалга оширилиши мўлжалланган.