May 22

“Долзарб 30 кун” — ёнғин хавфсизлиги ойлиги доирасида дастлабки тадбирлар амалга оширилмоқда

Жорий йилнинг 20 май кунидан бошлаб республикамиз бўйлаб ёнғин хавфсизлигини таъминлашга қаратилган “Долзарб 30 кун” профилактик ойлигига старт берилди. Айни пайтда мазкур ойлик доирасида “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда ҳам хавфсизликни таъминлашга қаратилган дастлабки чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Ойлик учун тасдиқланган чора-тадбирлар режасига асосан, "Шўртан ГКМ" МЧЖ Саноат хавфсизлиги, соғлиқни сақлаш, меҳнат ва атроф-муҳит муҳофазаси бошқармаси ҳамда Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, мажмуа ҳарбийлашган ёнғиндан сақлаш хизмати ва газдан қутқарув хизмати мутахассислари билан ҳамкорликда профилактик ишларга киришилди.

Хусусан, мажмуа ишлаб чиқариш цехлари ва хўжалик объектларида меҳнат муҳофазаси, саноат ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиниши, бирламчи ўт ўчириш воситалари ҳамда автоматик ёнғиндан огоҳлантириш тизимлари ҳолати юзасидан дастлабки текширувлар бошлаб юборилди.

Шунингдек, ёнғин хавфини камайтириш мақсадида суюлтирилган газ сақланадиган идишларни совитиш ишлари тасдиқланган график асосида амалга оширилмоқда.

Ойликнинг илк кунларидаёқ ходимларнинг амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган тактик-амалий ўқув машғулотларини ўтказиш бўйича режалар ишлаб чиқилди ва амалга оширилиши бошланди.

Ушбу машғулотларда қутқарув хизматлари ва ишчи-хизматчилар шартли равишда юзага келган ёнғинни бартараф этиш, жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш, хавфсиз ҳудудга эвакуация қилиш каби ҳаракатларни синовдан ўтказишмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, “Шўртан газ кимё мажмуаси” МЧЖда “Долзарб 30 кун” ойлиги доирасида хавфсизлик маданиятини ошириш ва ёнғинлар олдини олиш бўйича тизимли ишлар бошлаб юборилди. Ойликнинг қолган кунларида ҳам комплекс профилактик ва амалиётга асосланган тадбирлар изчил давом эттирилиши режалаштирилган.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|