September 6

"Шўртан ГКМ" МЧЖ Бошқарув аппаратида октябрь ойида амалга ошириладиган режали таъмирлаш ишларига пухта тайёргарлик кўриш масалаларига оид йиғилиш бўлиб ўтди

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Бошқарув аппаратида ўтаётган йилнинг 8 ойлик якуни бўйича мажмуа фаолияти натижалари, ишлаб чиқариш режа кўрсаткичларининг бажарилиши ҳолати, соҳа объектларини кузги-қишки мавсумга тайёрлаш, октябрь ойида амалга ошириладиган режали таъмирлаш ишларига пухта тайёргарлик кўриш ҳамда ишлаб чиқариш жараёнлари барқарорлигини доимий таъминлаш борасидаги масалаларга бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда 2024 йил октябрь ойида бўлиб ўтадиган режали таъмирлаш ишларига пухта тайёргарлик кўриш, таъминот ҳолати, мутахассисларнинг таъмирлаш ишларига шайлиги, таъмирлаш ишларини хавфсиз ташкил этишда ишчи-хизматчиларнинг шахсий ҳимоя воситалари ва махсус кийим-бошлар билан таъминланганлик ҳолати муҳокама этилди.

Жумладан, жорий йилги таъмирлаш даврида мажмуада охирги йилларда амалга оширилган режали таъмирлаш ишларида орттирилган катта тажрибага асосланган ҳолда таъмирлаш ишларини талофотларсиз ва сифатли амалга ошириш ҳамда ишларни юқори даражада ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, жорий йилнинг март, апрел ва май ойлари давомида мажмуа ишчи-ходимлари тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилганлиги, тиббий кўрик жараёнлари натижаларига кўра касалликлар аниқланган ишчи-ходимларни даволаш ва соғломлаштириш бўйича ишлар олиб бориш зарурлиги белгилаб олинди.

Йиғилишда келгyсида амалга ошириладиган ишлар кенгайтирилган тартибда муҳокама этилиб, Бош директор томонидан барча масъулларга берилган чора-тадбирларни ўз вақтида ижросини таъминлаш борасида қуйидагича топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

  • Режали таъмирлаш ишларини талофотларсиз ва сифатли ўтказишни таъминлаш мақсадида қисқа муддатда ҳар бир технологик ускуна ва қурилмаларга жавобгар масъул шахсларни бириктириш;
  • Режали таъмирлаш ишларининг харид жараёнларини танқидий-таҳлилий кўриб чиқиш;
  • Таъмирлаш жараёнида тегишли йўналишлар бўйича барча хавфсизлик чораларини кўриш ҳамда кучайтирилган назорат ўрнатиш;
  • Режали таъмирлаш даврида чет давлатлардан ҳамда турдош корхоналардан жалб қилинадиган мутахассислар учун барча қулайликларга эга бўлган ётоқ жойлар тайёрлаш, шунингдек, зарурий оргтехника ва канцелярия воситалари билан таъминлаш;
  • Режали таъмирлаш ишларига мўлжалланган бир марталик махсус кийим-бошлар фойдаланишга тайёр ҳолатда бўлишини таъминлаш;
  • Мажмуада ўтказилган тиббий кўрик натижаларига кўра, ходимларда аниқланган касалликлар бўйича соғломлаштириш ишлари режа-жадвалини ишлаб чиқиш ҳамда шошилинч соғломлаштириш лозим бўлган ходимлар масаласида қисқа муддатда аниқ таклифлар ишлаб чиқиш ва раҳбариятга тақдим этиш;
  • Мажмуа ҳудудида кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш;
  • Мажмуада захира циклогексан резервуарини қуриш ва ишга тушириш бўйича қисқа муддатда тармоқ жадвалини ишлаб чиқиш ҳамда ишларни жорий йил декабрь ойигача якунлаш;
  • Ишлаб чиқаришда ҳосил бўлаётган паст босимли регенерацион газдан электр энергиясини ишлаб чиқариш мақсадида газ-поршенли генератор қуриш бўйича таклиф лойиҳасини қисқа муддатда раҳбариятга тақдим этиш;
  • Мажмуада энергосамардорликни ошириш бўйича белгилаган чора-тадбирлар ижросига қаратилган корпоратив харид ишларини жадаллаштириш;
  • "Мажмуа объектларини 2024-2025 йиллар кузги-қишки мавсумга тайёрлаш” чора-тадбирида белгиланган барча ишларни сентябрь ойи охирига қадар якунлаш;

Шунингдек, йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 20 июнь куни муҳандислик кадрларини тайёрлаш тизимидаги устувор вазифалар юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида мажмуада ташкил этилаётган Илғор муҳандислик мактаби борасида қуйидагича топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

  • Мажмуа ҳудудида Илғор муҳандислик мактаби учун ажратилган бинонинг таъмирлаш ва пардозлаш ишларини қисқа муддатда якунига етказиш;
  • Муҳандислик олий таълим муассасаларидан танлов асосида шижоатли, иқтидорли ва илмли талабаларни имтиҳон ва синов асосида танлаб олиш;
  • Мажмуа фаолияти ҳамда илмий-тадқиқот ишлари бўйича изланишларни ҳисобга олган ҳолда ўқув услубий қўлланма ишлаб чиқиш;
  • Ҳудудий муҳандислик олий таълим муассасаларида мажмуанинг муҳандис-техник ходимлари томонидан очиқ касбий дарслар ўтилишини ташкил этиш.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|