October 25, 2021

Шўртан газ кимё мажмуаси ходими «Ўзбекистон учун 100 ғоя» лойиҳасида иштирок этди

Юртимизда иқтидорли ёшларни кашф қилиш ва уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсидида «Ўзбекистон учун 100 ғоя» лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 27 январидаги видеоселектор йиғилишида илгари сурилган ташаббус асосида амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги биносида Ёшлар ишлари агентлиги IT-парк ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5 ташаббус лойиҳаси офиси томонидан ташкиллаштирилган Республика бўйлаб «Ўзбекистон учун 100 ғоя» танлови бўлиб ўтди.

Танловда, Шўртан газ кимё мажмуаси полиэтилен ишлаб чиқариш цехининг ёш ходими Караев Шерали Тухтаевич ўзининг "Маҳаллий хом ашёлар асосида стабилизатор, антиоксидантлар олиш кимёвий технологиясини ишлаб чиқиш" лойиҳаси билан иштирок этди.

Маълумот учун, Шерали Караев Ғузор туманида туғилган. 2012 йил Тошкент кимё технология институти, органик моддалар факультетини бакалавр босқичини ва 2014 йил юқори молекулали бирикмалар кимёвий технологияси йўналишини магистр босқичини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2014 йилдан “Jurabek laboratories” Ўзбек-Aраб қўшма корхонасида инфузион бирикмалар тайёрлаш устаси лавозимидан бошлаган ва 2015 йилдан буён Шўртан газ кимё мажмуасининг полиэтилен ишлаб чиқариш цехида технологик қурилма кузатувчиси сифатида ишлаб келмоқда.

Шунингдек, 2021 йилнинг II чорагидан Тошкент кимё технология илмий тадқиқот инстутига органик моддалар ва улар асосидаги материаллар технологияси йўналишида полиэтилен маҳсулоти учун "Маҳаллий хом ашёлар асосида стабилизатор, антиоксидантлар олиш кимёвий технологиясини яратиш" бўйича таянч докторантура (PhD)га қабул қилинди.

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|