June 19

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ табиий ва техноген вазиятларни олдини олиш ва оқибатларини бартараф этишга “ТАЙЁР” деб баҳоланди

"Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖда фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этишда объект фуқаро муҳофазаси тузилмаларининг тайёргарлик ҳолатига бағишланган кўргазмали махсус-тактик ўқув машғулотлари ўтказилди.

Амалий машғулотлар давомида мажмуа ҳудудида шартли равишда қўпорувчилик ҳаракати, ёнғин ва зилзила юзага келтирилди.

Машғулотларда дастлаб корхона фуқаро муҳофазаси таркиби “Йиғин” сигналига асосан йиғилиши ҳамда тузилмалар билан куч ва воситалар саф кўриги ўтказилди.

Ўқув машғулотларини кузатиш учун келган меҳмонларга ўтказиладиган кўргазмали махсус-тактик ўқув машғулотларининг мақсад ва ғояси ҳақида тақдимот кўринишида маълумотлар берилди.

Шундан сўнг, шартли равишда мажмуага маҳсулот олиш мақсадида фуқоро сифатида келган, ноқонуний қуролланган, ёт ғоялар асосида бирлашган гуруҳ аъзоларини мажмуага ҳужум уюштирган вақтида юзага келиши мумкин бўлган кескин вазиятни тўғри баҳолаш, уни ҳамкорликда бартараф этиш ва тезкор тадбирлар олиб бориш бўйича қарор қабул қилиш, бўйсунувчи куч ишлатар бўлинмаларга вазифалар қўйиш каби масалалар кўриб чиқилди.

Махсус-тактик машғулотларнинг иккинчи қисмида ноқонуний равишда мажмуа ҳудудига киришга уринган қуролланган гуруҳ аъзоларини зарарсизлантириш мақсадида мажмуада тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилди. Жумладан, ўқув машғулотлари шартига кўра мажмуа автотураргоҳи ҳудудида “Тозалаш-антитеррор” тадбирлари олиб борилди.

Машғулот давомида мажмуада техноген тусдаги фавқулодда вазият содир бўлганда қидирув-қутқарув, ёнғинни ўчириш ва ярадорларга тез тиббий ёрдам кўрсатиш каби тадбирлар мутахассислар томонидан амалда намойиш этилди.

Махсус-тактик машғулотларнинг сўнги қисмида фуқаро муҳофазаси тузилмаларининг ва мажмуа ишчи-хизматчиларининг табиий тусдаги фавқулодда вазият, хусусан зилзила юзага келганда ҳаракат қилиш ва оқибатларини бартараф этиш ишларини ташкил қилишга тайёрлиги ҳолати текширилди.

Ўқув машғулотлари бориши жараёнида махсус бўлинма, вилоят ФВБ, тиббиёт ходимлари ва Шўртан газ кимё мажмуаси фуқаро муҳофазаси тузилмаларининг пухта тайёргарлиги намоён бўлди.

Шўртан газ кимё мажмуаси фуқаро муҳофазаси тузилмалари шахсий таркиблари ўз олдиларига қўйилган барча топшириқларни уддалашди.

Машғулотларни ўтказишдан мақсад, мажмуада табиий ва техноген тусдаги юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларни бартараф этишда қутқариш ва бошқа шошилинч ишларни ташкил этиш ҳолатини назорат қилишдан иборатдир.

Бу каби ўқув жараёнлар давомида раҳбарлик қилувчи қўмондон бошлиқлар таркиби ва мажмуа фуқаро муҳофазаси тузилмаларининг табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятларни бартараф қилиш, қутқарув ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни олиб бориш, ташкил этиш, аниқлаш, башорат қилишдаги мувофиқлик фаолияти бўйича билимлари мустаҳкамланади.

Ўтказилган ўқув машғулотларини назорат қилувчи мутахассислар томонидан "Шўртан газ кимё мажмуаси" МЧЖ табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва оқибатларини бартараф этишга “ТАЙЁР” деб қарор қабул қилинди.

«Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ Матбуот хизмати

|web-sayt|telegram|YouTube|